“Ишга марҳамат” мономарказига пресс-тур ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан вазирлик тасарруфидаги «Ишга марҳамат» мономарказига пресс-тур ташкил этилди.
Мономарказда бугунги кунда ишсиз аҳолини қисқа муддатларда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, хорижий тиллар ҳамда тадбиркорлик ва молиявий саводхонлик кўникмаларини ошириш, хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларни ўқитиш, қайтиб келган меҳнат мигрантларининг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш, уларга психологик ва юридик хизматлар кўрсатиш каби хизматлар кўрсатилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 августдаги «Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ёшларни касбга ўқитишнинг замонавий тизимини жорий этиш ва ривожлантириш, миллий тараққиётимиз ва глобал меҳнат бозоридаги муносиб ўрнимизни топиш ҳамда «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари битирувчиларининг касбий малакасини WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш, шунингдек, баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатимиз ва хорижий давлатларда тан олинадиган Skills паспорти тақдим этилиши кўзда тутилган. Мономарказда ўқишни тамомлаганликни тасдиқловчи ҳужжат – сертификат ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилади.
Мономарказда меҳнат бозори эҳтиёжларига мувофиқ бўлган 22 турдаги ишчи касб, 5 та хорижий тил ҳамда тадбиркорлик кўникмалари ва молиявий саводхонлик бўйича қисқа муддати 2, 3, 4 ойлик ўқув курслари ташкил этилган.
Пресс-тур доирасида Ўзбекистонда илк “Япон тили ва касбий малака” тест маркази очилишига бағишланган тадбир ташкил этилди.
[gallery-625]
Мазкур марказ Ўзбекистон ва Япония ўртасида бандлик ва меҳнат соҳасида фаол алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш ҳамда 2019 йил 17 декабрда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Япониянинг ваколатли вазирлик ва идоралари ўртасида “Махсус малакали ишчилар" мақомига эга бўлган хорижий меҳнат ресурслари тизимининг тегишли равишда амалга оширилиши тўғрисида имзоланган ҳамкорлик шартномаси қоидаларини инобатга олган ҳолда ташкил этилган.
Марказга ўзбек фуқароларига Япониянинг тегишли қонун талабларига мослаштирилган таълим ва кўникмаларни бериш, шу билан бир қаторда, Японияга хавфсиз, тартибли ва ташкиллаштирилган ҳолда жўнатиш механизмини яратиш вазифалари юклатилган.
Марказда Ниппон академия институти (Nippon Academy Educational) билан ҳамкорликда “Япон тили” (JFT-Beizik) ва “Махсус касбий малака” (Токутэй гино) тестларига тайёрлов курслари жорий қилинган. Ушбу тайёрлов курслари ўқитилиши жорий йилнинг 16 ноябридан бошланган бўлиб, бугунги кунда Ниппон академияси институтининг 5 нафар етакчи педагог ходмими 50 нафар фуқарога онлайн тарзда япон тилида Н4 даражасидаги малака, қариялар боқувчиси ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича касбий малака курслари йўналишларида таълим бермоқда. Ўқув жараёни 2 семестрдан иборат бўлиб, 6 ой давом этади. Ушбу тайёрлов курсларини муваффақиятли битирган номзодлар Япониянинг Ниппон академия институтининг дипломи ва Японияда ишлаш ҳуқуқини берувчи "Махсус малакали ишчи" халқаро сертификатни қўлга киритади.
Тадбирда Япония ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур “Япон тили ва касбий малака” тест маркази Японияда ишлашни режалаштираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Япон тили ва касбий малака кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Шу билан бир қаторда, томонларнинг тажрибалари алмашинувини йўлга қўйиш орқали ҳар томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳаракатларни бирлаштиради.
Тадбирда фаол журналист ва блогерлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА,
ЎзА мухбири