Ишга киритиш эвазига пул олаётган шахс ушланди
Охирги пайтларда ишга жойлашиш истагидаги фуқароларнинг ишончидан фойдаланиб, уларга турли ваъдалар бериш орқали пул ундириш ҳолатлари учраб турибди. Айниқса, давлат муассасаларига ишга киритишни “ҳал қилиб бериш”ни таклиф этаётган шахсларнинг бундай ҳаракатлари ортида кўпинча ноқонуний манфаатдорлик ётади. Тошкент вилоятида аниқланган навбатдаги ҳолат ҳам бунинг бир мисолидир.
Хусусан, Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда 1985 йилда туғилган, Зангиота туманидаги маҳаллалардан бирининг раиси К.У. томонидан фуқарони Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига уч минг АҚШ доллари талаб қилингани аниқланди. У сўралган пулни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А. Мусаев,ЎзА