“Аджибугут” карьери Учқудуқдан 200 километр олисда, бепоён чўл бағрида жойлашган. Айни пайтда бу карьерда кончилар, машинистлар, геологлар, бурғиловчилар ва бошқа касб эгалари 24 соат меҳнат қилмоқда.
Комбинат раҳбарияти ва касаба уюшмаси Кенгаши томонидан ишчи-ходимлар учун зарур иш ва яшаш шароитларини яратиш доимий эътиборда. Яқинда юз ўринли ётоқхона қуриб берилгани ҳам улар учун муносиб совға бўлди. Ҳамкасбларимиз бу ғамхўрликдан ниҳоятда мамнун. Яқин кунларгача ишчи-ходимлар “Довгизтов” конидан ушбу карьерга 60 километрлик масофадан қатнаб ишларди.
Шимолий кон бошқармаси раҳбарияти муаммони бартараф этишнинг мақбул ва осон ечимини топди. Карьер ҳудудида ётоқхона қурилиб, қулай шароитларга эга яшаш маскани барпо этилди. Натижада нафақат ишчиларнинг вақти тежалмоқда, балки транспорт харажатлари ва ёқилғи-мойлаш материаллари ҳам иқтисод қилинмоқда.
– Ишдан сўнг бўш вақтимизни мазмунли ўтказиш, мириқиб дам олиш учун барча имкониятлар мавжуд, – дейди геолог Жамол Фармонов. – Хоналар шинам, кенг ва ёруғ. Чўл иқлимига мос. Ёзда салқин, қишда иссиқ сақлайдиган қулайликка эга. Иккита асосий бинода жойлашган хоналар, заллар зарур мебеллар, электр энергияси, иситиш ва совитиш тизими билан таъминланган. Бундай имкониятни яратиб берган комбинат маъмурияти ва касаба уюшмаси Кенгашига катта раҳмат.
Ётоқхона тиббиёт бўлими, ечиниш ва кийиниш, ювиниш, кийимларни қуритиш хоналари, зал, ёзги айвон, кутубхона, маънавият бурчагига ҳам эга. Бу қулайликлар ишчи-ходимларга мазмунли ҳордиқ чиқариш ва куч-ғайрат билан ишга йўл олиш имконини беряпти.
– Халқимизда “Яхши дам – меҳнатга ҳамдам”, деган нақл бор. Бу ҳикматнинг амалий натижасини бугун кўз ўнгимизда кўряпмиз, – дейди бурғилаш машинисти Санъат Бекназаров. – Раҳбарият эътибори ва қўллаб-қувватлаши туфайли бизга барча шароитлар яратиб берилмоқда. Яқинда фойдаланишга топширилган ушбу ётоқхона ҳам биз учун алоҳида ғамхўрлик намунасидир. Бундан барчанинг кайфияти аъло. Бу имкониятлар, шубҳасиз, янада шижоат билан ишлашга чорлайди.
Бугунги кунда “Аджибугут” карьеридан қазиб олинаётган маъданлар 3-гидрометаллургия заводига етказиб берилмоқда. Айни пайтда карьер қувватини янада кенгайтириш мақсадида иккинчи босқичдаги ишлар ҳам бошлаб юборилди. Мазкур лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши билан келгусида ишлаб чиқариш суръати оширилади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, карьер ишчи-хизматчилари учун 50 ўринли замонавий жиҳозланган ошхона ҳам фойдаланишга топширилди.
Лайло Каримова,
Шимолий кон бошқармаси ахборот хизмати раҳбари
ЎзА