Юқори Чирчиқ туманидаги спорт мажмуасида мамлакатимиз Мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрами муносабати билан “Бир бўлсак –ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида спартакиада ўтказилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши ҳамда Тошкент вилояти спорт бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мусобақада ҳудуддаги ҳар бир тармоқдан 16 нафар турли касб-эгалари бўлган жами 128 нафар ходимлардан иборат жамоалар, шахмат-шашка, стол тенниси, хотин-қизлар эса бадминтон, сузиш спорт турлари ҳамда гимнастрада ўзаро куч синашди.
Асосий мақсад корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият юритаётган ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш, оммавий спортни янада ривожлантириш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланиши учун шароит яратишдир.
[gallery-18726]
Ҳакамларнинг якуний натижаларига асосан ҳар бир спорт тури бўйича ғолиблар аниқланди. Уларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари, диплом ва медаллари тақдим этилди. Ташкилотчилар томонидан спорт мусобақаларда фаол иштирок этган ишчи-ходимлар “Энг матонатли иштирокчи”, “Энг ёши катта иштирокчи”, “Энг ёш иштирокчи”, “Энг чаққон иштирокчи”, “Энг шижоатли иштирокчи”, “Энг зукко иштирокчи”, “Энг фаол аёл иштирокчи”, “Энг фаол эркак иштирокчи”, “Соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси” ва “Ғалабага бўлган интилиши учун” каби номинацияларда рағбатлантирилди.
Умумжамоа ҳисобида ғолибликни таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси тармоғи қўлга киритиб “Мустақиллик кубоги” соҳиби бўлишди. Иккинчи ўринни металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси тармоғи эгаллаган бўлса, учинчи ўринни тадбиркорлик, бизнес ва хизмат кўрсатиш касаба уюшмаси тармоғи ходимлари муносиб топилди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.