Ишчи гуруҳ қишлоқ хўжалиги ишларини ўрганди
Қишлоқ хўжалигида суғориладиган ерлардан самарали фойдаланишда замонавий технологияларни жорий этиш ва ариқларни бетонлаш муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбарининг аграр тармоқ йўналишида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ туманларда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.


Ишчи гуруҳ дастлаб Косонсой туманидаги “Қўқумбой” қишлоғи ҳудудидаги “Пахтакор саховати” фермер хўжалигида ички ариқларни бетонлаш жараёнини кўздан кечирди. Ўрганишлар давомида ғаллазорларда буғдой ривожи учун зарур агротехник тадбирлар бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Ишчи гуруҳ Чуст туманида ҳам бўлди. Тумандаги Наврўз маҳалласида жойлашган “Чуст Агросервис МТП” МЧЖ хорижий корхонаси устахонасида қишлоқ хўжалиги техникаларини мавсумга тайёрлаш бўйича бир қатор ишлар қилинмоқда. Таъкидлаш жоиз, айни пайтда Чуст туманида 2024 йил баҳорги дала ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлаш учун 110 та чопиқ трактори, 22 та пуркагич, 59 та чигит экиш сеялкаси, 5 та ер текислаш ҳамда бошқа турдаги техника ва агрегатлар мавжуд.


Ҳоким бошчилигидаги Ишчи гуруҳ мазкур жамият устахонасини кўздан кечириб, камчиликларни тузатиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ берди. Вилоят раҳбари туман аграр соҳа вакиллари билан мулоқот қилди ва бир гуруҳ илғор механизаторлар рағбатлантирилди.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА.