Ишчи гуруҳ ўрганишлар олиб бормоқда
Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан жойларда ўрганишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Бухоро вилоятида ўтказилаётган ўрганишлар жараёнида Когон туман штаби фаолияти ҳамда “йўл харита”ларда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши танқидий муҳокама қилиниб, масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳи “қизил” тоифага кирган Когон туманидаги “Б.Нақшбанд” маҳалла фуқаролар йиғинига борилиб, маҳаллада хавфсиз муҳитни яратиш, криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш, алоҳида тоифадаги шахслар билан олиб борилаётган профилактик тадбирлар самарадорлигини ўрганди.
Шунингдек, Ромитан туманида ташкил этилган штаб, ишчи гуруҳ ва масъуллар томонидан амалга оширилган ишлар, “ижтимоий профилактика” аҳволи ўрганилиб, муаммоли масалалар муҳокама қилинди.

Тумандаги Алишер Навоий ва Афросиёб маҳаллаларида “маҳалла еттилиги” ва “ижтимоий профилактика”га масъул бўлган мутасаддиларга “йўл хариталар” ижроси, ёшлар, хотин-қизлар, муқаддам судланганлар ва ишсизлар жиноятчиликни олдини олиш мақсадида уларнинг бандлигини таъминлаш, индивидуал профилактик тадбирлар ўтказиш, ижтимоий-иқтисодий муаммолари ҳамда ИИБ тергов ва навбатчилик қисми фаолияти ўрганилиб, масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Навбатдаги ўрганиш ишлари Олот туманида ҳам ўтказилди. Мазкур қарор ижросини таъминлашга масъул бўлган идоралар томонидан тузилган “йўл харита”лар ва унда белгиланган вазифалар бўйича амалга оширилаётган манзилли чора-тадбирларнинг туман прокуратураси ҳузурида доимий фаолият кўрсатувчи туман идоралараро мувофиқлаштириш штабида муҳокама қилинганлиги аҳволи ўрганилиб, штаб ва ишчи гуруҳи аъзоларининг ҳисоботлари тингланди.

Шунингдек, туманнинг криминоген вазияти оғир Наврўз ва Маърифат маҳаллаларига борилиб, “хавфсиз кўча” ва “хавфсиз йўлак”ларни ташкил этиш, жорий йил 2-чораги учун тасдиқланган “йўл харита”сида кўрсатилган тадбирларни амалга ошириш юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.

Мазкур қарор ижроси юзасидан ички ишлар, миллий гвардия, маҳалла, ёшлар ва бошқа мутасадди идоралар масъулларининг таклифлари эшитилиб, қарорда белгиланган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликни олдини олишга қаратилган вазифалар яна бир бор таъкидланиб, фаолиятни янада жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди ва ижроси назоратга олинди.
Ишчи гуруҳ томонидан Бухоро шаҳридаги 32-сонли умумтаълим мактабида ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, шунингдек, меҳнат жамоасида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати ҳам ўрганилди. Ўрганиш жараёнида мактабда жорий этилган ўқувчи ва ходимларнинг рақамли давомати бўйича ишлаб чиқилган дастурий таъминотнинг тақдимоти ўтказилди.
“Коррупциядан ҳоли мактаб” лойиҳаси доирасида мактабнинг ташқи ҳудудига 2 та PTZ камера ва 12 та кузатув камералари ўрнатилган. Шунингдек, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг кириб-чиқишини назорат қилувчи “юзни таниб олиш” ускунаси жорий этилиб, махсус дастурга уланган. Мазкур тизим орқали ўқувчиларнинг мактабга келиб-кетиши ҳақида ота-оналарга SMS хабарномалар юбориш, шунингдек, ўқитувчиларнинг дарсга ҳозир бўлиши ва кетишини назорат қилиш имкони яратилган.
Шунингдек, ўрганиш давомида дастурий таъминотни янада такомиллаштириш, ёзги таътил даврида мактабда ташкил этиладиган оромгоҳ, тўгараклар ва спорт залларидан самарали фойдаланиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.