Ишчи гуруҳ Наманганда тадбиркорлар фаолиятини ўрганди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Шу кунларда Наманганда ижтимоий-маънавий йўналишлар ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолияти тажрибасини ўрганаётган Республика ишчи гуруҳи тадбиркорлик субъектлари ва улар фаолиятида юзага келаётган муаммолар ҳамда янги лойиҳалари билан танишди.
Жараёнда ишчи гуруҳ Даштбоғ маҳалласидаги хонадонларнинг бирида беданачилик билан шуғулланиб, йилига 200 миллион сўмдан зиёд даромад қилаётган тадбиркор фаолиятини ўрганди. Хусусан, тадбиркор Муҳаммаджон Мўминов ўз хонадонида 2 минг 500 дона бедана парваришламоқда. У фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида 6 минг сиғимга эга инкубатория ташкил этган.
Ишчи гуруҳ томонидан маҳалладаги бошқа хонадонларда ҳам мазкур фаолиятни ташкил этиш юзасидан таклиф билдирилиб, уларга иш бошлаши учун кредит маблағи ажратилиши имкони ҳақида маълум қилинди.
Ишчи гуруҳи Бўстон маҳалласида балиқчиликни йўлга қўйган Анвар Фазлиддинов фаолиятини ҳам ўрганди. 6 сотихли хонадоннинг тўртдан бир қисмида балиқ етиштирилади. 1,5 сотих жойга 20 мингдан ортиқ Африка лаққаси чавоқлари ташланган бўлиб, уларнинг жами вазни келгусида 50 тоннагача етиши мумкин.
[gallery-16110]
Тадбиркор кооперация усулида бошқа хонадонларда ҳам балиқ боқишни йўлга қўйиш имкони борлиги, унинг ўзи 50 дан зиёд хонадонга чавоқларни етказиб бера олишини таъкидлади. Натижада, ҳар бир хонадонда ўртача 5 тоннагача лаққа балиқ етиштириш ортидан 30-40 миллион сўм даромад олишга эришилади.
Республика ишчи гуруҳи томонидан тадбиркор таклифи маъқулланиб, унга фаолиятини кенгайтириши, кооперация усулида ишлашига имконият яратиб берилиши билдирилди.
Шунингдек, Шаршара маҳалласида ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, Африка лаққа балиғи етиштираётган яна бир ёш тадбиркор Рустам Томабоев фаолияти ўрганилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари жараёнда Намангандаги йирик корхоналардан бири - “NAMANGANMASH” акциядорлик жамияти фаолияти билан ҳам танишди. Таъкидлаш керак, мазкур корхонада чўян, углерод ва қотишма пўлат, титан қотишмалари, рангли металлар ва полиэтиленни қайта ишлаш технологияларидан фойдаланилган ҳолда газ ва сув тармоқлари учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА