Ишчи гуруҳ муаммоларни ўрганмоқда
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Бухоро вилоятида жорий йилда хорижий инвестициялар ҳамда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган лойиҳалар ўрганилмоқда.
Маълум бўлишича, вилоятда жорий йилда жами 94 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Барча лойиҳаларга ташаббускор 15 та вазирлик ва идораларнинг ўринбосарлари ва ходимлари ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари ва масъуллари иштирокида хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда юзага келаётган муаммоли масалалар муҳокама қилинди. Уларни қисқа муддатларда ижросини таъминлаш борасида топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ раислари ўринбосарлари ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва бошқа уюшмаларнинг масъуллари ҳамда Бош прокуратура томонидан тузилган 4 та ишчи гуруҳи аъзоларига лойиҳаларни жойига чиқиб, тадбиркорлар билан учрашиш, белгиланган ишларга тўсқинлик қиладиган муаммоли масалаларни ўрганиб, тезкорлик билан қонуний ҳал этиш чораларини кўриш борасида қатор топшириқлар берилди.

Ишчи гуруҳ томонидан Бухоро шаҳридаги “Камалак Шабнам текс” МЧЖнинг тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Ўрганишда, лойиҳани амалга оширишда кредит маблағларини расмийлаштириш билан боғлиқ муаммолар аниқланиб, ушбу муаммони тез фурсатда қонуний ҳал этилиши юзасидан мутасадди идора вакилларига топшириқ берилиб, ижроси назоратга олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири