Ишбилармонлик, мулоқот ва ўзаро келишувга чорлов
Сўз кўргазма иштирокчиларига
«Ўзекспомарказ» марказий кўргазмалар мажмуида ўтказилаётган «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасининг иккинчи кунги тадбирларидан ишбилармон доира вакилларининг учрашувлари ўрин олди.
Учрашувларда тиббиёт, фармацевтика, саноат кооперацияси, енгил саноат, муҳандислик каби соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга эътибор қаратилди.
Халқаро саноат кўргазмасининг иккинчи кундаги намойиши эса иштирокчилар билан янада гавжум бўлди. Маҳаллий ва хорижлик ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилаётган маҳсулотларга бу ерга келган ҳар бир фуқаро ва мутахассис катта қизиқиш билан қарамоқда.
Биз кўргазма билан танишув чоғида ишлаб чиқарувчилар ҳамда мутахассислар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг таассуротлари билан қизиқдик.
Фарруҳ Ёқубжонов, «Ўзчармсаноат» уюшмаси Ташқи алоқалар, маркетинг ва кўргазмалар фаолияти бўлими бошлиғи:
– «Ўзчармсаноат» уюшмаси ушбу халқаро саноат кўргазмасида иккинчи бор қатнашмоқда. 2021 йилдаги кўргазма билан солиштирадиган бўлсак, бу галгисида кўпроқ инвестицион салоҳият ва жозибадорликка катта аҳамият қаратилмоқда. Шу мақсадда уюшма стендида маҳсулотлардан намуналар билан бирга, инвестицион таклифлар учун тақдимот материаллар ҳам қўйилган. Иштирокчиларга айнан шу тақдимотлар ҳақида ҳам маълумот беряпмиз. Беларусь, Тожикистон, Россиянинг бир нечта вилоятларидан вакиллар билан маҳсулотлар экспорти ва ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бордик.
Амалий натижалар ҳақида тўхталадиган бўлсак, ўтган йили ўтказилган кўргазма натижасида Россиянинг «Барс» компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ҳозирги кунда ушбу компания Фарғона вилоятидаги маҳаллий корхона билан биргаликда қўшма корхона ташкил этиб, махсус пойабзал ва унинг устки қисмларини ишлаб чиқармоқда. Россия Федерацияси эса бу маҳсулотларни МДҲ давлатларига экспортни амалга оширади.
[gallery-6826]
Малика Ёрбобоева, Тожикистон Республикаси саноат ва янги технологиялар Енгил саноат ва ипакчилик бўлими бошлиғи:
– Ушбу кўргазма биз учун катта имконият бўлиб, мамлакатимиз саноати ва янги технологиялари йўналишлари ривожида тажриба алмашиш, келишувларга эришиш ва ҳамкорлар топишга кенг йўл очади. Стендимиз жуда кенг соҳаларни қамраб олган. Мен ўзим енгил саноат ва ипакчилик йўналишида мутахассис бўлганим сабабли ушбу соҳаларда қизиқувчиларга батафсил маълумотлар бераяпман. Қувонарлиси, кўргазманинг биринчи кунидаёқ дастлабки келишувларга эришдик.
Биз пахтани қайта ишлаш, ипакчилик соҳасида ҳамкорлар топиш ниятидамиз. Шу мақсадда тўқимачилик соҳасида Наманган тажрибасини ўрганганмиз. Масалан, миллий матоларимиз, атласимиз бор. Бизда кўпроқ бу матоларнинг эски анъаналарини сақлашга ҳаракат қилинади. Лекин аёлларимиз ўзбек атлас ва адрасларидан либослар кийишга қизиқади. Уларнинг ҳар бирида ушбу матолардан тикилган либослар бор, десам адашмаган бўламан. Юртингиз соҳа мутахассислари атлас, адрас, бахмал матоларини ишлаб чиқаришда ҳам замонавий дизайн, янги безаклардан фойдаланмоқда. Албатта, бу ўзига хосдир.
Ўйлайманки, «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмаси барча иштирокчилар қаторида тожикистонлик ишбилармонларга ҳам фойдали натижалар олиб келади.
Шоҳрух Шеров, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси Тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинг агентлиги:
– «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» халқаро саноат кўргазмасида маҳаллий корхоналарнинг 20 хилдан ортиқ маҳсулотларини намойиш этмоқда. Кўргазма бошланишиданоқ, стендимиз билан танишган Россия, Беларус, Тожикистон ва Қирғизистондан келган вакиллар ўз қизиқишини билдирди. Масалан, россияликлар Ўзбекистонда янги корхона очиш фикрини билдирган бўлса, Беларусь, Тожикистон ва Қирғизистондан келган иштирокчилар маҳсулотларимизни ўз давлатларига импорт қилиш бўйича таклиф билан чиқди. Биз улар билан мулоқотда бўлиб, кўргазма якунида келишувларга эришиш ниятидамиз.
Стендимизда ип калавадан тортиб, тайёр кийимларгача бўлган маҳсулотлар ўрин олган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, уюшма томонидан янги бозорларга чиқиш режаси ҳам ишлаб чиқилган. Мазкур режа асосида жорий йилнинг январь-март ойларида 7 та халқаро кўргазмада уюшма бошчилигида 75 дан зиёд корхона иштирок этишга муваффақ бўлди. Йил якунига қадар уюшма томонидан 23 та халқаро кўргазмада иштироки этилиши ва тўқимачилик форумлари ташкил қилиниши кўзда тутилган.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.