Ишбилармонлик муҳити яхшиланмоқда
Андижонда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш ҳамда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Андижонда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш ҳамда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга бағишланган семинар бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонитадбиркорларнинг самарали фаолият юритишида муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди.
– Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йилдан-йилга юксалмоқда, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Умрбек Тожибоев. – Айни пайтда вилоят ялпи ички маҳсулотида тадбиркорлик субъектларининг улуши 58 фоизни, бандликни таъминлашда 84 фоизни ташкил этмоқда. Ишбилармонлик муҳити тобора яхшиланиб, тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишига тўсиқ бўлаётган муаммолар бартараф этилаётир. Бу борада жойларда фаолият юритаётган “Ягона дарча” марказлари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Семинарда давлат органлари томонидан тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, солиқ тўловлари бўйича имтиёзлардан унумли фойдаланиш, очиқ-ошкораликни таъминлашда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фаол иштироки юзасидан фикр алмашилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Семинарда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов сўзга чиқди.