Бугун мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳолининг иш билан бандлигини таъминланиши билан бир қаторда, иқтисодий фаровонликнинг муҳим мезонига айланмоқда.
Айниқса, бу борада ҳудудларда ишбилармонлик муҳитини кенг тарғиб қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш молия муассасалари қатори, банклар зиммасига ҳам катта масъулият юкламоқда. Яъни, юртдошларимизнинг бизнес ғояларини амалга ошириш борасидаги билимларини мустаҳкамлаб, илғор ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишида фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида “Ўзмиллийбанк” АЖ, “Асакабанк” АЖ ва “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ томонидан “Ишбилармонлик маркази” қуриб фойдаланишга топширилди. Маълумот учун, марказда 24 та иш ўрни яратилади.
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри инфратузилма жиҳатидан тадбиркорлик борасида жозибадорликка эга ҳудуд сифатида ўзига хос аҳамиятга эга. Шу боис мазкур марказда ўз бизнесини ташкил этиш ва ривожлантириш ниятидаги ёшлар, фуқаролар замонавий тадбиркорлик кўникмаларига ўргатилиб, чет тиллари ва иқтисодий билимларга ўқитиб борилади. Шунингдек, бизнес вакиллари ушбу муассасада жойлашган банк, суғурта, нотариус, баҳолаш каби хизматлардан фойдаланишлари мумкин.
Бино жами 4 қаватдан иборат бўлиб, аҳолини тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш ва ҳисобчиларни ўқитиш хоналари, компьютер саводхонлиги, инглиз тили курслари ташкил қилинган. Марказда жами 60 ўринли 4 та ўқув хонаси, 1 та 50 ўринли анжуманлар зали ҳам мавжуд.
– Йигирма йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланаман. Лекин бунақа марказлар энди очилаётгани тўғриси, биз тадбиркорлар учун айни муддао бўлди, – дейди Бахтиёр Салоҳиддинов. – Сабаби хусусий клиника очиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш учун ойлаб овора бўлганман. Суғурта қилиш учун Иштихон туманига боришга тўғри келган. Ҳатто Каттақўрғонда ҳам суғурта ва баҳолаш марказлари бўлмаган. Энди эса битта марказнинг ўзида бу ташкилотлардан ташқари банк хизматларининг ҳам йўлга қўйилганлиги ишбилармон учун жуда қулай.
Бир сўз билан айтганда, Каттақўрғонда иш бошлаган “Ишбилармонлик маркази” ҳудудда янги-янги лойиҳалар ҳамда уларнинг рўёбга чиқиши учун зарур имконият. Қолаверса, бу ҳудуднинг иқтисодий инфратузилмаси янада яхшиланишида муҳим аҳамият касб этади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати