Ишбилармонларга яна бир қулайлик
Наманган шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Лидер мебель комплект” хусусий корхонаси мебелсозлик йўналишида барқарор ривожланишга эришаётган ишлаб чиқариш субъектларидан.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор ички бозорни импорт ўрнини босувчи сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлаётир.Президентимизнинг жорий йил 15 майда қабул қилинган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ишбилармонларга янада қулайлик яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтарди.
Наманган шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Лидер мебель комплект” хусусий корхонаси мебелсозлик йўналишида барқарор ривожланишга эришаётган ишлаб чиқариш субъектларидан. Корхона 2010 йилгача якка тартибдаги хусусий тадбиркор сифатида ишлаб келган Носиржон Дадамирзаев томонидан ташкил этилган.
– Мамлакатимизда жамият тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлидаги ҳар қандай изланиш ва ташаббусларга кенг йўл очилган, – дейди Н.Дадамирзаев. – Мақсад эзгу ва аниқ, фаолият қонуний ҳамда ҳисоб-китобли бўлса, кичик бизнесда катта натижаларга эришиш мумкин. Бунга ўз фаолиятим давомида кўп бор ишонч ҳосил қилганман. Дастлаб, мебелсозлик билан якка тартибдаги хусусий тадбиркор сифатида бир ўзим шуғулланган бўлсам, бугунги кунда корхонада йигирмага яқин киши доимий иш билан банд. Келгусида фаолиятимизни янада кенгайтириб, кўплаб иш ўрни яратишни мақсад қилганмиз. Президентимизнинг яқинда қабул қилинган фармони биз, тадбиркорларнинг янада самарали фаолият юритишимиз учун кенг имкониятлар яратади. Унда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллатириш жараёнини давом эттириш белгилаб қўйилган. Шунингдек, рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартибларини янада соддалаштириш, барча текширувларни режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир марта ўтказиш каби муҳим жиҳатлар қайд этилган. Бу иқтисодиётда хусусий мулкнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, бир сўз билан айтганда, тадбиркорлар имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
“Лидер мебель комплект” хусусий корхонасида уй-рўзғор, идора, мактабгача тарбия, ўқув ва тиббиёт муассасалари учун стол-стул, шкаф, кроват каби икки юздан ортиқ турдаги мебель маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган йили корхона томонидан давлат буюртмасига кўра, 800 миллион сўмликдан зиёд маҳаллий хомашёдан тайёрланган замонавий, сифати хорижникидан қолишмайдиган жиҳозлар етказиб берилди. Буюртмачилар билан доимий ҳамкорлик корхона фаолияти изчиллигини таъминламоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида 110 миллион сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарган корхона йил якунига қадар бу кўрсаткични бир миллиард сўмдан оширишни режалаштирган.