Бугунги кунда хотин-қизларнинг салоҳияти, билим ва тажрибаларини тадбиркорлик орқали рўёбга чиқариш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам айни мақсад йўлида қатор самарали лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Партиянинг мана шундай лойиҳаларидан бири “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови ҳам интилувчан бизнес вакилаларини қўллаб-қувватлаш баробарида бугуннинг замонавий тадбиркор аёл қиёфасини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу йил ўнинчи маротаба ўтказилаётган кўрик-танловнинг Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройида ўтказилган ҳудудий республика босқичи ҳам айни шу мақсадда ташкил этилди.

Унда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари Гулшана Худоёрова, “Аёллар муаммоларини ўрганиш ва ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш бўлими” мудири Севара Муслимова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Виктор Пак, Галия Райханова, Атхам Назирқулов, партия вилоят Кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев, ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари, тадбиркор ва ишбилармон доира вакиллари, самарали бизнес фаолиятини йўлга қўйган танлов иштирокчилари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

Танлов доирасида ташаббускор ишбилармон, тадбиркор аёллар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкиллаштирилди. Павильонларда танлов иштирокчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан бирма-бир танишиб чиққан ҳакамлар уларни баҳолашда хотин-қизлар учун қўшимча янги иш ўрни яратгани, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни маълум касб-ҳунар бўйича ўқитганига, бандлигини таъминлаганига эътибор қаратилди.

Шунингдек, ҳаётда ўз ўрнини топишида кўмаклашгани, фаолият туридан келиб чиқиб экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳолига кўрсатаётган хизмат сифати ҳамда фаолиятида ҳаётга татбиқ этиб келаётган янги инновацион ғоялари ҳам алоҳида инобатга олди.
– Ҳакамлар ҳайъатига кўрик-танлов иштирокчиларини баҳолаш осон кечмади, – дейди ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари Гулшана Худоёрова. – Уларнинг ҳар бири алоҳида эътироф ва таҳсинга лойиқ фаолият турини самарали йўлга қўйиш баробарида ибратли ишларни ҳам амалга оширган. Кўргазмада тадбиркор аёлларнинг фаолияти билан яқиндан танишиб, бунга яна бир бор амин бўлдик. Миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ортидан Япониягача етиб бориб, у ерда ҳам япон қизларига бадиий каштачиликни ўргатаётган ёш иқтидорли тадбиркор қизларни қайта кашф этдик. Ўзининг мўъжазгина томорқасида қўзиқорин етиштириб, унинг ноёб турларини парваришлаб, даромад топиб, ҳозирда 17 гектардан ортиқ майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиб, уларни қайта ишлаб, қадоқловчи агрокластерга асос солган аёлларнинг борлиги беҳад қувонтирди.
Йил бошидан бери танловнинг маҳалла босқичларида 5 мингга яқин, туман ва шаҳар босқичларида 700 дан ортиқ, республика босқичида 22 нафар бизнес вакилалари ўз салоҳиятини кўрсатди. Улар орасида саховатпеша, мурувватли ва фидойи аёлларнинг борлиги кишига ифтихор туйғуларини беради.
Кўрик-танлов якунига кўра, фахрли 3-ўринга Ўрта Чирчиқ туманидаги “МАНЕЕВ Агро кластер” МЧЖ раҳбари Фируза Муҳаммедова муносиб деб топилган бўлса, 2-ўринга Ангрен шаҳридан иштирок этган “YANGIОBОD KELAJAK SARI” оилавий корхонаси раҳбари Ойша Уралова лойиқ кўрилди. 1-ўринни Оҳангарон шаҳридаги ғалтак иплар учун қоғоз поддонлар ва қурилиш маҳсулотлари учун антифриз ишлаб чиқарувчи “EKELER PAPER AND PLASTIC PACKAGING” қўшма корхонаси раҳбари Азиза Хасанова қўлга киритди.
Шунингдек, “Замонавий ташаббускор аёл”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл”, “Энг ёш, фаол аёл тадбиркор”, “Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган фермер аёл” каби номинацияларда бир қатор иштирокчилар тақдирланди.
Ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
А.Мусаев,ЎзА.