Хотин-қизларни кичик бизнес, оилавий тадбиркорликка ва фермерликка жалб этиш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлашда ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг ўрни беқиёс.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Амударё туман Кенгаши томонидан танловнинг туман босқичи бўлиб ўтди. Карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилган тадбирда иштирокчиларнинг иш фаолияти жойида кўриб чиқиш орқали ўрганилди.
Ҳакамлар ҳайъати аъзолари танлов мобайнида тумандаги ӯнга яқин тадбиркор ва ишбилармон аёлнинг фаолияти билан яқиндан танишди. Уларнинг шу даврга қадар эришган ютуқлари, имкониятлари ҳамда муаммоларини ўрганди.
Таъкидлаш жоиз, жойларда, айниқса, энг чекка ҳудудларда, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, айниқса, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”нинг жорий этилиши орқали ишсиз аёлларни ўқитиш, ишга жойлаштиришга қаратилаётган эътибор ижобий самарасини бермоқда. Айниқса, сўнгги йилларда эркин ва фаровон жамият қуриш, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини ошириш, оила институтини мустаҳкамлаш каби тизимли ишлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Танлов натижаларга кўра, тумандаги “Тамара текстиль” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Тамара Юсупованинг тадбиркорлик ва ишбилармонлик фаолияти биринчи ўринга муносиб топилди. Якка тадбиркор Меҳрибон Хонова иккинчи, “Аброр-Бунёд” оилавий корхонаси раҳбари Феруза Хайтакова учинчи ўрин соҳибаси бўлди.
Ғолиблар ҳамкор ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА