“Иш ҳақим нима бўлади, бой ота?”
Луқма
Ғофур Ғуломнинг “Шум бола” асари асосида тайёрланган худди шу номдаги фильмни кўрганмиз. Қоравой бойнинг уйидан ҳайдалаётганда, “Ҳақим нима бўлади, бой ота?” дея иш ҳақини талаб қилади. Хуллас, бой оқсоқолларнинг ўгитига қулоқ солиб, Қоравойнинг иш ҳақига 1-2 қоп чириган олма берилишини айтади ва шу тариқа иш ҳақини тўлайди.
Хўш бугун-чи? Ривожланган, тараққий этаётган жамиятларда ҳам айни муаммо – иш ҳақини ўзидан билиб тўламаслик ҳолатлари бўлсачи?
Бир вақтлар Гулистон шаҳрида “Мой завод” номи билан машҳур бўлган бугунги “Гулистон экстра ёғ” акциядорлик жамиятида шаҳар ва унинг яқинидаги қишлоқ аҳолиси иш билан банд бўлиб, қозон қайнатиб келади.
Бугун корхона акцияларини сотиб олган ишбилармонлар заводни замонавий инновацион технологиялар билан жиҳозлаб, бир неча турдаги экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришга мослаштирди, корхона қошида аёллар учун қўшимча янги иш ўринлари яратилди. Аммо корхона ишчи-хизматчиларининг ойлик маошини тўлашга келганда масъулият йўқолиб қолди.
Ишлашдан мақсад, пул топиш, рўзғор тебратиш. Маош беришдан мақсад эса, ишчи-хизматчининг меҳнатини қадрлашдир. Зеро, меҳнатга ҳақ тўлаш ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномасининг асосий шартларидан бири.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 мартдаги “Иш ҳақи ўз вақтида тўланишига доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мулкчилик шаклларидан қатъий назар, корхона ва ташкилотлар ходимларига иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши лозимлиги, меҳнат кодексининг 154-моддасида эса иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъий назар, ходим(лар)га бажарган иш(лар)и учун белгиланган муддат(лар)да меҳнат ҳақ(лар)ини тўлаши шартлиги белгилаб қўйилган.
– Аммо минг афсуски, бу норма “Гулистон экстракт ёғ” акциядорлик жамияти томонидан қайта-қайта бузилиб, фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда, – дейди Гулистон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Назар Қаршибоев. – Ходимларнинг ойлик маошларини вақтида тўламаслик ҳолати корхонада биринчи марта эмас.
Адлия бўлимига ушбу корхона ходимлари О.Раҳмонқулов, А.Жўраев, С.Раҳимов иш ҳақларини сўраб, ўзлари меҳнат қилган “Гулистон экстракт ёғ” акциядорлик жамияти раҳбариятига такрор-такрор мурожаат қилганликларига қарамай, бу масала корхона раҳбарияти томонидан ижобий ҳал қилинмаётгани учун амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Уларнинг ушбу мурожаатлари бўлим томонидан ўрганилиб, мурожаатчиларнинг манфаати учун Гулистон туманлараро фуқаролик судига аризалар киритилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро суди томонидан жорий йилнинг 28 май куни А.Жўраев фойдасига 7 миллион 180 минг 187 сўм, С.Раҳимов фойдасига 4 миллион 938 минг 428 сўм, шунингдек, О.Раҳмонқулов фойдасига 4 миллион 787 минг сўм ундириш тўғрисида суд қарори чиқарилди.
Халқимизда, тўқ бола оч бола билан ўйнамайди, ўйнаса-да унинг қорни очлиги билан иши бўлмайди, деган нақл бор.
Ойлик маошларини вақтида ололмай қийналаётган, нажот излаб эшикма-эшик сарсон бўлаётган ишчилар ҳақида ким ўйлайди? Айниқса, бу бир марта эмас, бир неча бор содир бўлаётган бўлса.
– Бир неча ойлардан буён заводдаги раҳбарларнинг ҳаммасидан ёрдам сўрадик, – дейди ишчилардан бири А.Жўраев. – Ҳеч қандай натижа чиқмади. Охири, Гулистон шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилдик. Ҳақиқат бор экан. Мурожаатимизни қисқа фурсатларда ўрганиб чиқиб, адлиянинг аралашуви билан бир гуруҳ ҳамкасбларимнинг манфаати ҳимоя қилинди, сансоларлик ҳолатларига чек қўйилиб, маошимиз ундириб берилди.
Бугун мамлакатимизда тадбиркорлар, янги иш ўринлари яратаётганлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Аммо бу уларнинг ўз мансабини суиистеъмол қилишига изн бермайди.
А.Қаюмов, ЎзА