Иш ҳақи суд орқали ундирилди
Болани парваришлаш таътилидан сўнг ишга қайтишига тўсқинликка учраган ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари суд орқали тикланди. Унга қарийб 13 миллион сўм маблағ тўлиқ ундириб берилди.
2026 йил 26 март куни Ховос тумани тиббиёт бирлашмасининг физиотерапия хонаси ҳамшираси Шаҳноза Атақулова Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилояти Кенгашига мурожаат қилди. У болани парваришлаш таътилидан сўнг ишга қайтиш ҳақида иш берувчига ариза берган, бироқ мурожаати эътиборсиз қолдирилган.
Мурожаат ўрганилгач, ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилгани аниқланди. Шундан сўнг унинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
— Ходимнинг қонуний мурожаати эътиборсиз қолдирилиши унинг меҳнат ҳуқуқларига путур етказади. Шу боис ҳар бир мурожаатни атрофлича ўрганиб, ходимнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратамиз. Мазкур ҳолатда ҳам судга мурожаат қилиш орқали ходимнинг ишга қайтиши ва тегишли тўловларни олишига эришилди, — дейди Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори А. Албеков.
Суд 2026 йил 12 майдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қаноатлантириб, иш берувчи зиммасига Ш. Атақулованинг ишга киришишига рухсат бериш мажбуриятини юклади. Шунингдек, мажбурий прогул даври учун 10 миллион 493 минг 545 сўм ва маънавий зарар учун 2 миллион 453 минг 666 сўм, жами 12 миллион 947 минг 211 сўм ундиришни белгилади.
2026 йил 19 октябрь куни суд қарорида белгиланган маблағлар ходимнинг ҳисоб рақамига тўлиқ ўтказиб берилди.
Бир сўз билан айтганда, ходимнинг қонуний талаби эътиборсиз қолмаслиги, унинг меҳнат қилиш ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари амалда таъминланиши шарт. Акс ҳолда, иш берувчининг бундай бепарволиги ходимнинг ҳуқуқларини поймол этишга, низоларнинг келиб чиқишига ва охир-оқибат қонун олдида жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири