Қиш дастурхонида ёз неъматлари
Қишлоқ хўжалиги соҳасида мўл-кўл озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш билан бирга, уларни қиш ва баҳор мавсуми учун захирага ғамлаш муҳим вазифа саналади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида мўл-кўл озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш билан бирга, уларни қиш ва баҳор мавсуми учун захирага ғамлаш муҳим вазифа саналади.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги “2011-2015 йиллар даврида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида 9 минг 900 тонна сиғимдаги совутгичлар янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Тўрт минг етти юз тонна сиғимга эга совутгичлар модернизация қилинди. Жорий йилнинг ўзида 5 совутгич камераси, 450 тонна сиғимдаги музлатгич янгидан қурилди.
Қорақалпоғистон Республикасида “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси корхоналари ва “Қорақалпоқгўштсутсавдо” акциядорлик жамияти томонидан 2014-2015 йил қиш-баҳор мавсуми учун 29 минг 657 тонна асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирага ғамланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун 151 тайёрлов идораси томонидан 4 мингдан зиёд шартнома тузилиб, уларга тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ажратилди.
– Халқимизни қиш кунларида ҳам мева, полиз-сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш учун барча имкониятлардан самарали фойдаландик, – дейди “Қорақалпоқгўштсутсавдо” акциядорлик жамияти муҳандиси Темур Фозилбеков. – Жамиятимиз тасарруфидаги ҳар бири 500 тонналик учта музлатгич камераси модернизация қилиниши натижасида 1 минг 560 тонна юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлашга эришдик.
Бозорлар бирлашмаси томонидан ҳам озиқ-овқат маҳсулотларини захирага сақлаш ишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мавжуд имкониятлар ишга солиниб, бозорларда қиш мавсуми учун 640 тонна мева, полиз-сабзавот маҳсулотлари ғамланди.
– Жорий йилда шартнома асосида 88 фермер хўжалигига уруғлик картошка тарқатган эдик, – дейди Нукус туманидаги “Оқманғит деҳқон бозори” акциядорлик жамияти раҳбари Кенжебой Бахиев. – Бугунга келиб улар етиштирган ҳосилдан 25 тоннасини захирага сақлаб қўйдик. Аҳоли учун қиш-баҳор мавсумига етарли миқдорда картошка, сабзи, пиёз, карам, ошқовоқ ғамланди. Бу билан аҳолининг қиш ва баҳор ойларида ҳам сархил мева ва полиз маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қоплаш имконияти яратилди.