Қиш дастурхони ҳам тўкин бўлади
Навоий вилоятида қиш-баҳор мавсумида аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш, озиқ-овқат захирасини тўлдириш ҳамда бозорда нарх-навонинг барқарор бўлиши учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Навоий вилоятида қиш-баҳор мавсумида аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш, озиқ-овқат захирасини тўлдириш ҳамда бозорда нарх-навонинг барқарор бўлиши учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.Вилоят ҳокимлиги иқтисодиёт бош бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, мавсумда 19 минг 200 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жамғариш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 17 минг 715 тонна маҳсулот захираси яратилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги “2011-2015 йиллар даврида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятда мавжуд омбор ва совуткичли камераларни шай ҳолатга келтириш ҳамда модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда вилоятда умумий сиғими 500 тонна бўлган иккита янги совуткичли камера ташкил этилди.
Айни пайтда вилоятда ҳажми 16 минг тоннага тенг совуткичлар ва 10 минг 400 тонна сиғимдаги омборда маҳсулотлар сифатли сақланмоқда.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини жамғаришда тайёрлов-савдо корхоналари ҳамда фермер хўжаликларининг улуши катта бўлмоқда. Улар томонидан шартнома асосида етказиб берилаётган сифатли маҳсулотлар қиш дастурхони учун муносиб тадорикдир. Қизилтепа туманидаги “Уста Қодир” фермер хўжалиги 9 гектар ерда деҳқончилик қилади. Боғдорчиликка ихтисослашган хўжалик сабзавотчиликдан ҳам мўл ҳосил олмоқда.
– Аҳоли дастурхони тўкинлиги ва қишда ҳам сархил мевалар узлуксизлигини таъминлаш мақсадида 2012 йилда 250 тонна мева сақлашга мўлжалланган совуткич келтириб ўрнатдик, – дейди фермер хўжалиги раиси Амин Ўроқов. – Бунда Халқ банки Қизилтепа тумани филиалидан олинган 150 миллион сўмлик кредит маблағи қўл келди. Жорий йилда 150 тонна олма ва 60 тонна узум махсус совуткичда сақланмоқда.