Юртимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 18 миллиондан зиёд. Бу уларга оид масалалар билан ишлашда янгича ёндашув ва талабларни юзага чиқармоқда. Жамиятимиздаги ислоҳотлар жараёнида бу масалаларга устувор аҳамият берилаётгани навқирон авлодни эртанги кунимизнинг муносиб давомчилари этиб тарбиялашда муҳим омил бўлаётир.
Айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш долзарбдир. Меҳнат бозорида ёшларга муносиб иш ўринларини топиб бериш мамлакат истиқболи учун муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида 2024-2025 ўқув йили битирувчилари ҳамда иш берувчи вазирликлар, идоралар, турли ташкилот, корхона ва муассасалар ўртасида бевосита мулоқотни таъминлаш мақсадида “Ёшлар – янги Ўзбекистон келажаги бунёдкори” шиори остида иш берувчи ташкилот вакиллари ва талабалар учрашуви ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов ёшлар келажагимиз пойдевори, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш эса давлатимиз сиёсатининг устувор мақсади эканини эътироф этди.
[gallery-23338]
Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида хассос соҳа – муқаддас ислом динини илмий нуқтаи назардан, фундаментал тадқиқ этиш, улуғ алломалар маънавий меросини қайта кашф этиш орқали дунё цивилизациясига муносиб ҳисса қўшадиган юксак салоҳиятли мутахассис-кадрлар тайёрлаш жараёнида ҳам кўплаб янгиликлар амалга оширилгани эътиборга лойиқдир.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида талабалар ҳамда иш берувчи ташкилотлар билан “Карьера куни”нинг ўтказилиши мунтазамлик касб этган.
Тадбирда Академиянинг Мумтоз шарқ филологияси, Исломшунослик, Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар факультетларининг бакалавриат йўналиши битирувчи талабалари иштирок этди.
2024-2025 ўқув йилида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясини 309 нафар талаба бакалавриат ва 95 нафар йигит-қиз магистратура босқичини тамомламоқда. Академияда Исломшунослик, Мумтоз шарқ филологияси ҳамда Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар факультети ҳамда 10 та кафедра фаолият юритмоқда.
Ҳамкор ташкилотлар кўлами йил сайин кўпайиб бормоқда. Ҳозирда академия ва ташкилотлар ўртасида 100 дан ортиқ ҳамкорлик бўйича меморандум ва шартномалар имзоланган.
Битирувчиларни муносиб иш ўрни билан таъминлаш мақсадида ҳозирда кўплаб корхона, ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Жумладан, талабалар республикамиздаги барча таълим муассасалари, ташкилот ва идораларда амалиёт олиб боряпти.
Расмий маросимлардан сўнг ишга танлов юзасидан иш берувчиларнинг битирувчилар билан суҳбат жараёнлари ташкил этилди. Мазкур жараёнда 70 га яқин давлат ва нодавлат ташкилотларининг вакиллари иштирок этди. Талабалар билан меҳнат шартномалари тузилди.
Тадбирда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ иш берувчи ташкилотлар вакилларига Академия томонидан эсдалик совғалари ҳамда ташаккурномалар топширилди.
Н.Усмонова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА