ISESCO Бош директори билан музокаралар тўғрисида
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ISESCO ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва алоқаларни ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов Ислом олами фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ISESCO) Бош директори Салим ал-Малик билан видеоконференция шаклида музокара ўтказди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ISESCO ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва алоқаларни ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди.
Ислом олами фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ташкилоти етакчи мутахассисларини Ўзбекистоннинг илмий-тадқиқот марказларига жалб қилиш, қўшма халқаро конференциялар ташкил этиш, жаҳон тамаддуни ривожига ҳисса қўшган ўзбек олимлари ҳақида китоб нашр этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Илғор тажриба алмашиш ва инновацион таълим усулларини жорий этиш учун хориж мутахассисларини жалб этиш, шунингдек, ISESCO томонидан ўтказиладиган форум ва анжуманларда ўзбекистонлик араб тили ўқитувчиларининг иштирок этишига қизиқиш билдирилди.
Салим ал-Малик Ўзбекистоннинг тарихий исломий обидалари ва меъморий ёдгорликларини Ташкилотнинг Ислом мероси рўйхатига киритишга ISESCO тайёрлигини маълум қилди.
Музокаралар давомида махсус онлайн видео-теле дастурлар ва семинарлардан фойдаланган ҳолда, пандемия шароитида ўқув жараёнини давом эттириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.