Ис газидан заҳарланишнинг олди олинмоқда
Қиш-қировли кунларга аҳоли хонадонлари, ижтимоий ва бошқа объектлар мавсумга тайёрми?
Қиш мавсумига аҳоли хонадонлари қанчалик тайёр, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида фуқароларнинг хонадонлари, ижтимоий объектларда бу борада Сирдарё вилоятида қандай ишлар олиб борилмоқда?
Ана шу ва шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида – вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг қуйи тизмида олиб борилаётган профилактик тадбирлар хулосаси билан яқиндан танишдик.

Аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши каби бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Сирдарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси, шаҳар ва туманлардаги бўлимлари ходимлари ҳамда “Ҳудудгазтаъминоти" акциядорлик жамияти мутахассислари билан ўзаро ҳамкорликда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича профлактика тадбирларни олиб бормоқда ва аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилаётир.
Таъкидлаш жоизки, бу каби тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида амалга оширилмоқда. Профилактик тадбирлар давомида келиб чиқиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаш ҳолатлари ва пиротехника воситалари сотилишини олдини олишда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида фуқароларга кенг тушунча ва тавсиялар берилмоқда.
Аҳоли томонидан хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қўлбола, ностандарт газ жиҳозларидан фойдаланиш, газ тармоқларига резина шланг орқали уланиш, носоз ҳолатдаги дудбуронлардан фойдаланиш ҳамда хонадон ичида очиқ оловдан иситиш мақсадида фойдаланиш ҳолатларининг учраб туриши фуқароларининг ис газидан заҳарланишига ҳамда ҳаво ва газ аралашмасини чақнаши натижасида жабрланиши ва ҳаттоки ҳалок бўлишига сабаб бўлмоқда.
Табиий газ – бу асосан (98 фоиз) метан (СН4) ҳамда 2 фоиз бошқа оғир углеводородлар (пропан, бутан, этан, гексан ва бошқалар)дан иборат бўлган газдир. Метан газнинг 1 м3 ни ёқиш учун 9,5 м3 ҳаво керак бўлади. Газ асбоби сурункали ишлатилганда газ асбоби ўрнатилган хонани эшик ва деразаларининг зич ёпилишида метан газининг ёниши учун керак бўладиган ҳаво миқдорини камайиб кетиши ва метан газини тўлиқ ёнмаслиги натижасида ис газини келтириб чиқариши мумкин.
Бундай ҳолатни пайдо қилувчи, иштирокчи ва жабр кўрувчи ҳам инсонларнинг ўзлари бўлаётир. Айниқса, юзага келаётган айрим талофатларда ёш болаларни жабр кўраётганлиги эса ачинарли ҳолдир. Бу мудҳиш воқеаларнинг асосий сабаби аҳолининг хавфсизлик талабларини билмаслиги ёки унга бепарволик билан қараши бўлиб келмоқда.
Профилактика тадбирларида газ хўжалиги корхоналари томонидан уйлардаги тармоқ газида ишловчи газ плиталарига (бошқа газ асбоблари бўлмаганда) икки йилда бир маротаба, уйлардаги суюлтирилган газда ишлайдиган газ плиталарига (ўзга газ асбоблари бўлмаганда) бир йилда бир маротаба техник хизмат кўрсатилиши ҳамда иситиш мавсуми олдидан иситиш ва сув иситиш асбобларига техник хизмат кўрсатилиши, уй-жойлардаги тармоқ газида ишловчи газ плиталари, иситиш, сув иситиш асбобларига йилда бир маротаба техник хизмат кўрсатилиши шартлиги эслатиб ўтилаётир.
Жумладан, Сирдарё тумани 4-сектор ҳудуди Пахтакор МФЙ Пахтакор кўчаси 7-уйда яшовчи Д.Абдусатторовнинг хонадонида ўрнатилган газ плитасидаги шланглар алмаштирилди.

– Хонадонимдаги газ плиткасининг бурагичлари зийидан газ чиқадиган бўлиб қолганди, – дейди шу тумандаги Адолат маҳалла фуқаролар йиғини 1-мавзе 15\2-уйда яшовчи Л.Горбунова. – Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари бу носозликни аниқлаб, “Ҳудудгазтаъминоти" акциядорлик жамияти мутахассиси бу камчиликни зудлик билан бартараф этди. Деярли яроқсиз ҳолга келиб қолган газ плитаси таъмирлангач, худди янгидек ишлаб турибди. Улар барча қўни-қўшниларни йиғиб, ис газидан захарланишни олдини олиш, ёнғин қоидалари қатиян риоя қилиш тўғрисида атрофлича тушинтириш берди. Холис хизмат кўрсатган ва бизга зарур маълумотларни берган ҳар икки соҳа мутахассисларига минг раҳмат.
Туманнинг 3-сектори ҳудудидаги Интилиш МФЙ Абдуқодирова кўчаси 25-уйда истиқомат қилувчи С.Сеитованинг яшаш уйидаги газ плитасига суюлтирилган газ (пропан) баллон ўрнатиб берилди ва ундан қандай тўғри фойдаланиш қоидалари ва ис газидан захарланишни олдини олиш борасида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги хусусида профилактик суҳбат ўтказилди.
Вилоятда ўтказилаётган тадбирлар инсонларнинг табиий ва ис газидан заҳарланишларини ва ёнғин келиб чиқишини олдини олишга хизмат қилади.
А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА