
Россия қўшинлари ва техникаси Сурияда ҳаракатланди
"CNN" томонидан геолокацияланган видеода Россия ҳарбий техникаси Сурия ғарбида ҳаракатланаётганини кўриш мумкин. Ҳомс шаҳри чеккасида суратга олинган видеода Россия байроқлари туширилган ҳарбий юк машиналари Сурия қирғоқлари яқинидаги Россия базаларига олиб борувчи М1 трассасида ғарбга қараб ҳаракатланаётгани кўринади. Улар базаларга кетаётгани номаълумлигича қолмоқда. Аввалроқ Россия Суриядаги ҳарбий базаларини тарк этишга тайёрланаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.
Асад режими қулагандан кейин Ироқда 2000 дан ортиқ Сурия армияси аскари чодирлардаги бошпаналарда жон сақламоқда. Улар Суриядаги сиёсий инқироздан сўнг Ироққа қочиб ўтган. Ироқ мудофаа вазирлиги Ғарбий Анбар вилоятидаги ҳарбий қисмларга чодирлардан иборат лагер қуришни буюрган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, Сурияда Башар Асад режими қулаганидан кейин тартибсизликлар авж олганидан бери 1,1 миллиондан ортиқ одам ўз ҳудудларини тарк этган. Ўн минглаб кўчирилган одамлар Сурия шимоли-шарқидаги 200 га яқин турар-жой марказларида қолмоқда.
Сурия исёнчилари етакчиси Муҳаммад Ал-Жўланий чоршанба куни “Reuters” агентлигига ёзма баёнот бериб, ағдарилган Башар Асад режимининг хавфсизлик кучларини тарқатиб юборишини айтган. Сурия исёнчиларига алоқадор ҳукумат раҳбари, мамлакат бош вазири этиб тайинланган Муҳаммад Ал-Башир Италия матбуотига муваққат ҳукумат мартгача қолишини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, уларнинг мақсади хавфсизлик ва давлат ҳокимиятини тиклаш, миллионлаб суриялик қочқинларни уйларига қайтариш ҳамда зарур хизматларни тақдим этишдир.
Суриянинг янги конституцияси 6 ойда тайёр бўлади, барча ўтиш жараёни эса 18 ойда ниҳоясига етади, - деб ёзмоқда Туркиянинг “Hürriyet” газетаси ўз манбаларига таяниб.
– Конституция тайёр бўлгач, референдумга қўйилади. Ушбу даврда аҳоли сони ҳисоблаб чиқилиб, сайловчилар рўйхати янгиланади, -дейилади хабарда.
Таъкидланишича, конституцияга мувофиқ янги сиёсий партиялар ташкил этилади.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарқдаги етакчилар билан Асаддан кейинги Сурияни муҳокама қилди. Котиб жума куни Ироққа кутилмаган ташриф билан бориб, Бош вазир билан учрашган. Ироқ бош вазири Блинкенга Яқин Шарқдаги барқарорлик минтақавий ва халқаро саъй-ҳаракатларга муҳтожлигини айтган. Унинг қўшимча қилишича, ушбу муҳим босқичда сурияликларга ўз давлатларини тиклашда ва фуқаролик тинчлигини таъминлашда дўст давлатлар ёрдам қилмоғи зарур. У Суриянинг ўтиш даврини бошқараётганлардан қуруқ сўзларни эмас, аниқ ҳаракатларни кутаётганини таъкидлади.
Минглаб сурияликлар Асад режими қулаганидан сўнг биринчи жума кунини нишонлаган. Жума намозидан кейин одамлар Сурия бўйлаб, жумладан Дамашқда, сўнгги икки ҳафта ичида мухолифат кучлари қўлига ўтган Ҳомс, Ҳалаб ва Ҳама шаҳарларида тўпланишди.
Сурия шимолидаги бир қанча ҳудудларда Курд гуруҳлари ва Туркия томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳлар ўртасида жанглар давом этмоқда. Исроил мудофаа вазири Исроил Кац эса ҳарбийларга Исроил ушбу ҳафта босиб олган Сурия ҳудудидаги Хермон тоғини назоратда сақлашга тайёрланишни буюрган. Аввалроқ Бенямин Нетаняҳу Сурияга тегишли бўлган Жўлон тепаликлари Исроилнинг ажралмас қисмига айланишини айтиб, ушбу ҳудудга ташриф буюрган.
Ғазодаги вазият
БМТ Бош Ассамблеяси Ғазо секторида ўт очишни сўзсиз ва доимий тўхтатиш ҳамда гаровга олинганларни зудлик билан ҳеч қандай шартларсиз озод қилиниши талаб қилинган резолюцияни қабул қилди. Мазкур ҳужжатни 158 та мамлакат маъқуллади, тўққизта давлат қарши овоз берди, 13 давлат эса бетараф бўлди.
Бундан ташқари, БМТ Ғазо секторининг тинч аҳолиси “омон қолишлари учун зарур бўлган” асосий хизматлар ва инсонпарварлик ёрдамларидан зудлик билан фойдаланиш имкониятига эга бўлишини талаб қилди. Ноябр ойида БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳам Ғазо секторида “зудлик билан, сўзсиз ва доимий” ўт очишни тўхтатиш ва барча гаровга олинганларни озод қилишни талаб қилувчи резолюция лойиҳасини қабул қилишга уринганди. Ўшанда ҳужжатга Қўшма Штатлар вето қўйган.
БМТ Бош Ассамблеяси ўтган йили ҳам шунга ўхшаш резолюцияни қабул қилган. Унда ҳам анклавда ўт очишни инсонпарварлик нуқтаи-назардан зудлик билан тўхтатиш, шунингдек барча гаровда ушлаб турилганларни озод қилиш, гуманитар ёрдам етказилишини таъминлаш талаб қилинганди. БМТ томонидан тегишли ҳужжат қабул қилинганига қарамай, у Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларидан фарқли ўлароқ, юридик кучга эга эмас.
Фаластин қаршилик ҳаракати – ҲАМАС БМТ Бош Ассамблеясига фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш агентлиги фаолиятини қўллаб-қувватловчи резолюция қабул қилгани учун миннатдорчилик билдирди.
Миср матбуоти хабарига кўра, ҲАМАС пайшанба куни қилган баёнотида Исроил ҳукумати ўз сиёсати ва ҳаракатлари билан Ғазо секторидаги гуманитар фалокатни ва икки миллиондан ортиқ фаластинликни қасддан очликдан ўлдиришда давом этаётганини таъкидлаган.
Ғазодаги соғлиқни сақлаш ташкилотларига кўра, Исроил ҳарбийлари Ғазо шимолидаги Камол Адван касалхонасини пайшанбадан жумага ўтар кечаси ердан ва ҳаводан бомбардимон қилишган. Анклавдаги Ал-Авда касалхонасидаги манбага кўра, пайшанба куни Ғазо марказидаги Нусейрат лагеридаги турар-жой блокига Исроил ҳаво ҳужуми уюштирганидан кейин қурбонлар сони 40 кишига етган.
АҚШ ва Россия тортишуви
Москва Яманнинг “Ансоруллоҳ” гуруҳи билан алоқада экани, Исроил ва унинг иттифоқчиларига қарши амалиётларида унга ёрдам бериш учун қурол жўнатаётгани АҚШнинг ғазабини қўзғатди.
– Биз Россиянинг Ҳусийлар билан фаол равишда алоқага киришаётгани ва қурол-яроғ етказиб бериш масаласини муҳокама қилаётгани ҳақида хавотирли далилларга гувоҳ бўлдик, – деди Американинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд. – РФ қуролли кучлари Украинадаги низо учун ҳам юзлаб яманликларни ёллаганидан хабаримиз бор.
Гринфилд АҚШнинг Исроилга молиявий ва ҳарбий ёрдамини тилга олмади, Эронни эса Яман қаршилик гуруҳларини қўллаб-қувватлашда айблади.
– Қўшма Штатлар Яман портларига йўл олган кемаларни текшириш ва Эрондан Ҳусийларга қурол оқимини камайтиришга ёрдам берувчи БМТнинг Мониторинг салоҳиятини қўллаб-қувватлайди, - деди у.
Шу қаторда Қўшма Штатлар Украинадаги урушни тўхтатишга киришган. Трамп жамоаси Оқ уй ва Киев вакиллари билан Украина можаросига барҳам бериш йўллари бўйича музокаралар ўтказгани маълум. Трамп президентлик фаолиятининг биринчи кунидаёқ урушга барҳам бермоқчи. Ушбу ҳафта ўртасида Зеленский Парижда Макрон ва Трамп билан учрашган эди. Макрон 18-19 декабр кунлари бўлиб ўтадиган ЕИ етакчилари саммитида ўт очишни тўхтатиш режимида Украина ҳудудига тинчликпарвар миссиясини жойлаштириш, шунингдек Украина ва Россия ўртасида тинчликка эришиш масаласини муҳокамага қўймоқчилиги маълум.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/3KYD1-5gZqQ" title="Iroqqa borgan Blinken, Gʻazoga yangi hujumlar va BMT qarori" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
“Reuters” Зеленскийнинг келаётган душанаб куни Франция, Германия, Полша раҳбарлари ва НАТО Бош котиби билан учрашиб, Украина келажагини гаплашмоқчилигини ёзган.
Томонлар музокараларга тайёрланаётган бир пайтда уруш ҳамон давом этмоқда. Ушбу ҳафта Украина Россия тарафга 6 та ATACMS дан зарба йўллаган. Рус кучлари эса Украинанинг Покровск ҳудуди томон сезиларли кириб борди. Жанглар баҳоргача тўхташ ёки тўхтамаслиги ноаниқлигича қолмоқда.
Сардорбек Поёнов, Нишонбой Абдувоитов, Искандар Исматов (видео), ЎзА.