Ирландия Президенти Майкл Д.Хиггинс Исроил ва ушбу мамлакатни қурол-яроқ билан таъминлаётган давлатларни БМТ таркибидан чиқариб юбориш таклифини киритди. Маълумки, яқинда тақдим этилган БМТ ҳисоботида Исроил Ғазо секторида геноцид содир этмоқда, деган хулосага келинган. Бу ҳақда “Arab News” маълум қилди.
Бу йил ваколати муддати тугайдиган Хиггинс БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши тавсиясига биноан тайёрланган мустақил экспертлар гуруҳи хулосасини “жуда муҳим ҳужжат” деб атади.
– Шахсан мен геноцидни амалга ошираётганлар ва қўллаб-қувватловчиларга нисбатан чора кўриш керак, деб ҳисоблайман, – деди у. – Биз уларни Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан чиқариб юбориш ҳақида ўйлаб кўришимиз лозим. Инсонларга қарши бундай ёвуз ҳаракатлар содир этаётганлар билан савдо қилишни тўхтатишимиз керак.
1 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Фаластин метрополидаги кўп қаватли биноларга бир неча ҳафтадан бери ҳужум уюштирилмоқда. Исроил ҳукумати Ғазо шаҳрини эгаллаш учун танклар ва қуруқликдаги қўшинларни жойлаштиргани ортидан уч аъзодан иборат комиссия хулосаси шу ҳафта эълон қилинди. Тўрт йил аввал ташкил этилган Босқиндаги Фаластин ҳудуди ва Исроил бўйича тергов комиссияси алоҳида давлатларга нисбатан чора кўра олмаса-да, гуруҳ хулосасини Халқаро жиноий суд ёки Халқаро суд прокурорлари инобатга олиши мумкин.
Исроил мазкур комиссия билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган ва геноцид айбловини бир неча бор “антисемитизм” деб атаган.
М.Пирматова, ЎзА