Қирғизистонда доллар қимматлади
10 март куни Қирғизистонда доллар курси бирданига ошди. Қирғизистон банклари сайтларидаги маълумотларга қараганда, Америка валютаси тахминан уч сомга, ёки 4 фоизга қимматлади.
10 март куни Қирғизистонда доллар курси бирданига ошди. Қирғизистон банклари сайтларидаги маълумотларга қараганда, Америка валютаси тахминан уч сомга, ёки 4 фоизга қимматлади.
DemirBank сайтида доллар сотиб олиниши – 72,85 сом, сотилиши – 72,95 сом экани кўрсатилган. KICB сайтида эса доллар сотиб олиш – 72,90 сом, сотиш – 73 сом дея белгиланган. Эрталаб доллар ўртача 69,85 сомдан харид қилинди ва 69,95 сомдан сотилди.
Сом Россия рубли ва Қозоғистон тенгеси ортидан кучсизланмоқда – ҳар икки давлат Қирғизистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқидаги ҳамкорлари ҳисобланади.
Қирғизистон миллий банки 10 март куни ички бозорда 53,7 миллион доллар сотиб, валюта интервенциясини амалга оширди. Миллий банк матбуот хизматининг хабар қилишича, бу курс айирбошлашда кескин тебранишга йўл қўймаслик мақсадида амалга оширилди.
Миллий банкнинг ишонтиришича, ҳалқаро захиралар етарлича бўлиб, «товарлар импорт ҳажмини 5 ойга қадар қоплаш имкониятига эга».
Эслатиб ўтамиз, 9 март куни Олмаотадаги валюта айирбошлаш пунктларида доллар салкам 400 тенгедан сотилди. Кейинроқ 395 тенгегача тушди. Сешанба куни кечқурун Қозоғистон фонд биржаси (KASE)даги ўртача курс бир доллар 394 тенгени ташкил қилди, бу 6 март кунги сессия беркитилишидаги курсдан 12 тенге кўпдир.
Қозоғистон миллий банки сешанба куни база ставкаси оширилиши ва кўрилаётган чоралар валюта бозорида “беқарорликка йўл қўймаслик” мақсадида амалга оширилаётганини маълум қилди. Ҳукумат берган баёнотда “инқирозга қарши ҳаракатлар режаси”га тайёргарлик кўриш борасида топшириқ берилганидан сўнг барча ижтимоий мажбуриятлар бажарилиши таъкидланади.
Сешанба куни Москва биржасидаги савдолар рублнинг қулаши билан бошланди. Доллар тўрт рублга ошди ва 72 рубл 80 тийинга чиқди.
Жаҳон савдо майдонларида ҳам қуйига кетиш кузатилмоқда. Душанба куни Америка биржаларидаги савдолар 7 фоизга тушиб кетиши билан тўхтатилди. Биржа очилиши билан нефть нархи салкам 30 фоизга тушиб кетди, Россия рубли эса 10 фоизга арзонлади.
Нефть нархининг тушиб кетиши ўтган ҳафтада ОПЕК ва йирик ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги музокораларнинг барбод бўлиши билан боғлиқ. Томонлар коронавирус кенг тарқалаётгани боис нефть маҳсулотларига талаб пасайиши фонида қазиб олишни камайтириш борасида келиша олмадилар.