Иқтисодий ҳамкорлик янада ривожланади
Тошкентда II Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди.
Форумда етакчи халқаро компаниялар, жамғармалар раҳбарлари, чет давлатларнинг таниқли иқтисодчи ва экспертлари иштирокида жаҳон сармояси тенденциялари, “яшил” энергетикани ривожлантириш истиқболлари, электрон тижорат ва халқаро миқёсда иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва бошқа кўплаб долзарб масалалар муҳокама этилди.
Форумнинг очилиш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ўтган йили бўлиб ўтган I ТХИФ дан сўнг қисқа вақт давомида мамлакатимизда амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди. Жумладан, минтақамиздаги энг қулай фискал тизимни яратиш бўйича катта ўзгаришларга эришилганлиги, хусусан, қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкаси 12 фоизга туширилгани, ҚҚСни экспортчи корхоналарга 7 кун ичида қайтариш жорий қилингани, солиқ ва божхонада ўзаро ҳисобга олиш йўлга қўйилгани, хорижий инвесторларнинг ўз акцияларидан оладиган дивидендлари 3 йил муддатга солиқдан озод қилингани, улар учун фойда солиғи 20 фоиздан 12 фоизга туширилгани ва шу каби кўплаб кенг кўламли саъй-ҳаракатлар самараси яққол кўзга ташланди.
“Ислоҳотларимиз натижасида Ўзбекистоннинг минтақадаги иқтисодиёти энг юқори диверсификация қилинган мамлакат сифатидаги мақоми янада мустаҳкамланди”, – деди Президентимиз нутқида.
Мисол учун бир йилда 100 мингга яқин янги корхоналар ташкил қилинган. Киритилган хорижий сармояларнинг йиллик ҳажми 10 миллиард АҚШ долларига етган ёки ислоҳотлар бошланган 2017 йилга нисбатан 3 баробар ошган. 1 миллионга яқин аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга туширилди. Ислоҳотлар бошланган даврда бу кўрсаткич 30 фоиздан юқори бўлганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
Президентимиз ўз нутқида, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш борасидаги янги имкониятларга ҳам тўхталиб ўтди.
“Яшил иқтисодиёт”, транспорт, авиация, темирйўл соҳаларидаги лойиҳалар, тез ўсиб келаётган IT, туризм, таълим, тиббиёт каби соҳаларда Ўзбекистон минтақавий хабга айланиб бораётгани, бу йил давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича “1 минг + 1 минг + 40” дастурини қабул қилингани, индустриал ривожланишни янги босқичга олиб чиқишга устувор аҳамият берилаётгани, Марказий Осиёда яхши қўшничилик сиёсатини давом эттириб, иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшни давлатлар билан фаол ишлар давом эттирилиши таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг сўзларини тинглар эканман, хорижий ҳукуматлар ва халқаро молия институтлари вакиллари ҳамда нуфузли компаниялар раҳбарларининг ушбу форум доирасидаги ташрифи нафақат диёримизга ҳурмат ва эҳтиром рамзи, балки диёримизда кенг кўламда амалга оширилаётган ислоҳотларга ишонч ифодаси эканига яна бир карра ишондим. Чунки, ислоҳотларимиз жадал давом этиши, юртимизда бизнес эмин-эркин ривожланиши учун янада мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор керак.
Давлатимиз раҳбари умумхалқ референдуми арафасида сўзлаган нутқида бу ҳолатга ҳам эътибор қаратиб, “Энг аввало, янги Конституциямизда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани алоҳида белгиланмоқда. Барча ўзгартиришларнинг туб негизига “инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устувор” деган эзгу ғоя қўйилмоқда. Шунингдек, Конституциямизда илк бор қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, мулк дахлсизлиги, бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиш, суд мустақиллиги бўйича давлат ўзига мажбуриятлар олмоқда”, – деди муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, куни кеча фуқароларимиз ўз муносабатини билдирган янги таҳрирдаги Конституциямиз биз бошлаган ислоҳотларни изчил давом эттириб, энг муҳими, уларга ортга қайтмайдиган тус бериши муқаррар. Бўлиб ўтган II Тошкент халқаро ингвестиция форуми ҳам бунга ёрқин мисол бўла олади.
Маълумот учун, 2022 йил бўлиб ўтган I Тошкент халқаро инвестиция форуми(ТХИФ)да 7 миллиард 800 миллион АҚШ долларилик шартномалар ва инвестиция битимларининг мустаҳкам пакети имзоланган эди.
Шерзод Маматқулов,
O`zLiDeP Жиззах вилояти
кенгаши аппарат раҳбари
ЎзА