Айни пайтда Эрон Ислом Республикасининг Аллома Таботабоий университети ва Теҳрон шаҳридаги Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)нинг Маданият институти бош қароргоҳи томонидан ИҲТга аъзо давлатлар университетлари ректорларининг 1-симпозиуми ўтказилмоқда.
Видеоконференция шаклида ўтаётган мазкур симпозиумда ИҲТга аъзо мамлакатлар – Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Афғонистоннинг 20 та етакчи университетлари раҳбарияти иштирок этмоқда.
Ўзбекистон томонидан ушбу анжуманга Тошкент давлат шарқшунослик университети раҳбарияти таклиф этилган. Жумладан, ТДШУ ректори Гулчеҳра Рихсиева симпозиумда университет фаолияти ҳақида маълумот бериб, ИҲТ минтақаси олимлари ва университетларининг илмий интеграциясини кучайтириш бўйича қуйидаги таклифларни илгари суриши кутилмоқда:
- ИҲТ мамлакатларининг шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш ва илмий тадқиқотлар билан шуғилланадиган олий таълим муассасалари билан илмий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини аниқлаш, жумладан, қўшма тадқиқотлар ва ишланмаларни молиялаш механизмларини шакллантириш масалаларини ўрганиш, гуманитар соҳада интеллектуал фаолият натижаларини тижоратлаштириш мақсадида умумий форсайт-тадбирини амалга ошириш;
- аъзо давлатларнинг етакчи шарқшунос олимларини жалб қилган ҳолда, шарқшунослик соҳасида тадқиқотларни амалга ошириш мақсадида қўшма виртуал халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил қилиш;
- шарқшунослик соҳасидаги тадқиқотларга ва истиқболли вазифаларни ҳал қилиш учун тавсияларни ишлаб чиқишга йўналтирилган фундаментал ва амалий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва умумий бошқарувини амалга ошириш;
- шарқий тиллар ва адабиёти, шунингдек, Шарқ мамлакатлари тарихи, сиёсати, халқаро алоқалари ва иқтисодиёти бўйича илмий тадқиқотларни ўтказиш учун ИҲТ мамлакатлари олий ўқув юртлари илмий кутубхоналарининг электрон манбаларидан масофавий фойдаланиш бўйича ҳамкорлик битимини имзолаш;
- ИҲТ мамлакатлари таълим муассасалари ресурс базалари негизида малака ошириш, шарқшуносликнинг долзарб муаммолари бўйича илмий-назарий семинарлар, маъруза курслари ёки алоҳида маърузалар ўтказиш учун олий ўқув юртлари илмий-педагогик ходимларининг академик мобиллигини ташкил қилиш;
- аъзо мамлакатлар олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари таркибининг тадқиқотларни биргаликда нашр қилиш фаоллигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш механизмларини йўлга қўйиш, мунтазам равишда илмий нашрлар билан алмашувини ташкил қилиш.
Симпозиум натижалари бўйича ИҲТга аъзо мамлакатлар университетлари ректорларининг қўшма баёноти имзоланиши кутилмоқда. Мазкур қўшма баёнот ИҲТ минтақаси университетларининг интеграциясини кучайтириш, ИҲТ университетлари низомини ишлаб чиқишда ҳар бир олий ўқув юрти вакилидан иборат ишчи гуруҳни ташкил этиш ҳамда келаси йил мазкур симпозиумни қабул қилувчи университетни белгилашни ўз ичига қамраб олади.
Маълумот ўрнида: 2020-2021 йилларда Тошкент давлат шарқшунослик университети ИҲТга аъзо давлатлар университетлари билан бир қатор қўшма халқаро илмий конференциялар, онлайн дарслар, маданий тадбирларни ўтказиб, мазкур мамлакатлар оммавий ахборот воситаларида ТДШУ фаолияти ва ўтказилган тадбирлар кенг ёритилди.
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун ИҲТнинг 14-саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлайди.
Элёр Маҳмудов,
ТДШУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори