Иқлим ўзгаришига қарши ҳамкорлик
Иқлим ўзгариши йил сайин тобора долзарб аҳамият касб этиб, ушбу муаммони ҳал қилиш мамлакатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатини талаб этмоқда. Озарбайжон шу йил Бокуда бўлиб ўтадиган БМТ Иқлим ўзгариши бўйича 29-чи конференциясига фаол тайёргарлик кўрмоқда. Мазкур йирик ва нуфузли тадбирда кўплаб мамлакатлар раҳбарлари ва экспертлари жам бўлади.
Мамлакатдаги “Ёш ислоҳотчилар” жамоат бирлашмаси раиси Фарид Шаҳбозли сўзларига кўра, бўлажак анжуманнинг асосий мақсадларидан бири адолатли ва муҳим ҳужжат – Янги жамоавий миқдорий мақсад бўйича келишувга эришишдан иборат. Унинг қайд этишича, COP-29 анжумани иқлим ўзгаришига қарши курашиш, дунёда барқарор ривожланишни таъминлаш ва яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнини жадаллаштиришда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Озарбайжон экология муаммоларини ҳал қилишга қўшаётган ҳисса, илгари сураётган ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланмоқда. Айни жараён асосини соҳадаги мавжуд муаммоларни фақат бирлашиш орқалигина бартараф этиш мумкин, деган тамойил ташкил қилади. Бундай ёндашув атроф-муҳит масаласи билан чекланиб қолмай, инсоният дуч келаётган жиддий қийинчиликларга қарши бирга туриш ғоясини ҳам ўз ичига олади.
ЎзА