![](https://cdn.uza.uz/2021/07/19/08/20/L2IJYqI7i9BGDcPNTb0l9YeuFFpsgXNJ_normal.jpg)
Мамлакатимизда балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг замонавий ва инновацион услубларини жорий этишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Муҳими, ташаббускор тадбиркорлик субъектларининг бу борадаги лойиҳалари тижорат банклари томонидан молиявий қўллаб-қувватланмоқда. “Ипотека банк” АТИБ томонидан ҳам бу борадаги истиқболли лойиҳалар молиялаштирмоқда.
Журналистлар ва блогерлар учун Тошкент вилоятига ташкил этилган пресс-турда ихтисослашган балиқчилик тармоқлари фаолияти билан яқиндан танишилди.
[gallery-3148]
Бугунги кунда мамлакатимизда 3 минг 800 дан хўжалик юритувчи субъектлар балиқчилик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Шундан, 3 мингдан ортиқ балиқчилик хўжаликларига “Ипотека банк” филиаллари томонидан хизмат кўрсатилмоқда. Хусусан, 2017-2020 йилларда балиқчилик йўналишидаги жами 3 минг 273 та лойиҳага 1 миллиард 728,2 миллион сўм кредит маблағлари ажратилиб, натижада 6 минг 748 та янги иш ўрини яратилди.
Президентимизнинг 2020 йил 29 августдаги “Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори сунъий сув ҳавзаларида фаолият юритувчи балиқчилик хўжаликларига зарур шароит яратиб берди. Хусусан, айни пайтда Тошкент вилоятида ҳам 500 га яқин балиқчилик хўжаликлари аҳоли истеъмоли учун сифатли балиқ етиштирмоқда.
Пресс-тур Туябўғиз сув омборидаги “Саломов Маматқул”, “Саидовул”, “Жаҳонгир агро бизнес” ва “Жасур агро бизнес” фермер хўжаликлари фаолияти билан танишишдан бошланди.
“Саидовул” фермер хўжалиги лойиҳасини амалга ошириш учун “Ипотека банк” АТИБ томонидан 10 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағи ажратилган. Лойиҳанинг жами қиймати 17,2 миллиард сўм бўлиб, шундан ажратилган банк кредити 10,7 миллиард сўм, кўрсатилган лизинг хизмати 4,1 миллиард сўмни ташкил этади.
Ҳозир бу ерда садок усулида сазан балиғи етиштирилади. Хўжалик томонидан 2018-2020 йиллар давомида садок усулида балиқ етиштиришни ташкил этиш учун зарур ускуналар ўрнатилган ҳамда балиқ чавоқлари ва омухта ем сотиб олинган. Амалга оширилган ишлар натижасида ҳозирги вақтга келиб 146 та садок ускуналари ўрнатилган бўлиб, умумий 22 минг куб метрни ташкил этади. Ўтган йили 300 тоннадан зиёд балиқ етиштирилган бўлиб бу йил маҳсулот ҳажмини 400 тоннага етказиш режалаштирилган.
Маълумки, садок усули – тўр қафасда балиқ боқиш ўзига яраша қулайликлари бор. Шунинг учун табиий сув ҳавзаларда ана шундай усулда балиқ парваришлаш анча самарали бўляпти.
– Бу усулда бунда қўшимча ер ва сув ресурслари талаб қилинмайди, – дейди “Жаҳонгир агро бизнес” фермер хўжалиги раҳбари Санжар Саломов. – Балиқларни боқиш, озиқлантиришини назоратга олиш осон. Бироқ, сув сатҳини доимо кузатиб бориш лозим. Жумладан, бир куб метр сувда 5 килограмм чавоқ солиниб, 200 килограммгача балиқ етиштириш имконини беради.
Маълумотларга кўра, 2018 йилдан буён балиқчилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган ушбу балиқчилик хўжаликлари томонидан сув омборида садок ўрнатилган. Етиштирилаётган балиқ маҳаллий бозорларни тўлдирмоқда.
Пресс-турнинг навбатдаги манзили Ўрта Чирчиқ туманидаги “GOLDEN FISH GROUP” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Корхона раҳбари Сергей Лагутин журналистлар ва блогерларга етиштирилаётган ноёб балиқ турлари ва корхона фаолияти ҳақида маълумот берди.
Бу ерда асосан осётр, лосось, форель балиқлари интенсив ҳамда ёпиқ сув айланма тизими (УЗВ)да боқилади. Хусусан, инкубацион цехда балиқ личинкалари етиштирилмоқда. Банк томонидан корхонани молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 33 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағи ажратилган.
“GOLDEN FISH GROUP” МЧЖ ўз фаолиятини 40,9 гектар ер майдонида жойлашган ҳовуз ва бино-иншоотларда амалга оширади. Жумладан, йилига корхона томонидан интенсив бассейнларда 400 тонна осётр етиштирилади. Шу билан бирга, қора икра 0,5 тонна, қизил икра 5 тонна, инкубацион цехда 1 миллион дона осётр ва лосось туридаги балиқ личинкалари ишлаб чиқарилмоқда. Ўз навбатида, қайта ишлаш цехларида 100 тонна тайёр ва ярим тайёр котлет, фарш ва дудланган балиқ махсулотлари тайёрланали.
Бугунги кунда ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш мақсадида мазкур корхона томонидан экотуризм йўналишида ҳам тизимли ишлар бошланган. Хусусан, 20 гектар майдонда балиқ овлаш, от спорти, теннис майдонлари ташкил этилган.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, 1 квадрат метр майдонга ўртача 40 килограмм балиқ тўғри келмоқда. Ушбу осётр балиқлари асосан қора икра учун парваришланади. 1 та балиқ вазнига нисбатан 20 фоиз қора икра олиниб, ички бозорга қайта ишланган ҳолда етказилади.
Пресс-тур давомида журналистлар соҳа мутахассислари билан суҳбатлашди. Балиқларни парваришлаш жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
А.Мусаев,
О. Ғуломов (сурат), ЎзА.