Ипакчилик соҳасида Хитой билан ҳамкорлик ривожланмоқда
Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасида Хитойнинг "Baise Huanong Ruize Sericultural Co., Ltd" раҳбари Чжан Йингхиу ҳамда "Shanghai Hongkai Industrial Co., Ltd. osh" директори Чжоу Сианхун билан учрашув бўлиб ўтди.
Қўмита раиси И.Эргашев мамлакатимизда пиллачилик соҳаси жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. Қайд этилганидек, соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда. 15 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг айнан пиллачилик соҳаси ривожи учун ишлаб чиқилгани бунга мисолдир.

Меҳмонлар ипак маҳсулотларининг дунё бозоридаги кўламини янада кенгайтириш, турли йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр билдирди. Тўқимачилик, уруғчилик, ипак маҳсулотлари экспорти, замонавий технологиялар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳаси хусусида сўз юритилди.

Жумладан, "Baise Huanong Ruize Sericultural Co., Ltd" корхонаси билан ипак қурти уруғлари етказиб бериш масаласида ҳамкорлик қилиш, келгусида қўшма лойиҳа асосида Ўзбекистонда уруғчилик корхонаси очиш борасида келишиб олинди.

Шунингдек, "Shanghai Hongkai Industrial Co., Ltd. osh" корхонаси билан ипакдан мато ишлаб чиқариш лойиҳаси муҳокама қилинди.
Гулноза Бобоева,ЎзА