Ипак қурти уруғи импортига чек қўйилади
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси томонидан ташкил этилган брифингда пилла етиштириш, инвестиция ва ипак маҳсулотлари экспорти бўйича эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида пиллачилик кластерлари томонидан тут ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш орқали пилла етиштириш ҳажмини ошириш мақсадида республика бўйича жами 2,7 минг гектарда янги тутзорлар барпо этилди ва 67,5 миллион туп тут кўчатлари экилди. Янги экилган тут кўчатлари ва барпо этилган тутзорлар ҳисобига тут плантациялари майдони 53,4 минг гектарга, якка қатор тутлар сони қарийб 119,5 миллион тупга етказилди.
Республикамизда 506 гектар ер майдонида 22 та тут уруғчилиги ва кўчатчилик хўжаликлари ташкил этилган бўлиб, уларда 2021 йилда баҳорги кўчат экиш мавсуми учун 30,4 миллион дона ва куз мавсуми учун 33,1 миллион дона, жами 63,5 миллион дона тут кўчати ва ниҳоллари тайёрланди. Шунингдек, 43,3 гектар оналик тутзорларда 1,2 тонна тут уруғи тайёрланди.
Уюшма ташкил этилгандан кейин ипак қурти уруғчилиги корхоналари тўлиқ ўрганиб чиқилиб, уларни модернизация қилиш, хорижий ҳамкорлар билан қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда соҳа мутахассисларини Хитойда тажриба алмашиш ва малакасини ошириш ишлари мунтазам равишда олиб борилаяпти.
2024-2025 йилга келиб республикада сифатли ипак қурти уруғига бўлган талаб маҳаллий корхоналар томонидан тўлиқ қондирилади ва ипак қурти уруғининг импортига чек қўйилади.
Президентимизнинг 2018 йил 20 мартдаги ва 4 декабрдаги тегишли қарорларига асосан жорий йилнинг 10 ойлигида тутзорлар қошида 581 та иншоот –(қуртхона) қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Республикада жорий йилда 22,4 минг тонна пилла етиштириш белгиланган бўлиб, амалда 22,7 минг тонна пилла хомашёси етиштирилди. Бу эса режага нисбатан 101,3 фоизни ташкил этади.
Жорий йилда етиштирилган пилла хомашёси тизим корхоналари томонидан тўлиқ қайта ишланиб, ипак маҳсулотлари экспортга йўналтирилмоқда.
Тизим корхоналари томонидан етиштирилган пилла хомашёсини қайта ишлаш қувватларидан фойдаланиш даражаси 2020 йилда 94 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 100 фоизга етказилди.
Бундан ташқари, жорий йилда умумий ҳисобда 117,4 миллион долларлик 101 та инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда.
Бугунги кунга қадар тармоқдаги пиллани қайта ишлаш ва ипак қурти тайёрлаш корхоналари томонидан техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш ҳамда янги қувватларни ишган туширишга 85 миллион доллар инвестиция маблағи ўзлаштиришга эришилди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА