Иордания, Ироқ ва Миср нимадан хавотирда?
Иордания, Ироқ ва Миср Исроилнинг шу ҳафта Сурияга уюштирган зарбасини қоралаб, бу ҳаракат суверенитет ва халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиш, деди.
Исроил минтақада друзлар ва бадавий қабилалар ўртасида содир бўлган ҳалокатли тўқнашувдан сўнг барқарорликни тиклаш мақсадида сешанба куни жанубдаги Ас-Сувайда шаҳрига яқинлашиб келаётган Сурия қўшинлари ва ҳарбий техникага зарба берди. Друзлар – шиа мазҳабида вужудга келган фирқа, диний гуруҳ. Асосан, Ливан ва Сурияда яшайди.
Исроил Бош вазири ва мудофаа вазири вазиятга асосан Ас-Сувайдада яшовчи друзларни “ҳимоя қилиш” учун аралашганини айтди. Эртасига пойтахт Дамашқдаги ҳарбий қароргоҳга зарба берилди.
Иордания Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳаво ҳужумини қоралаб, Сурия барқарорлиги ва хавфсизлигига таҳдид кучайиши мумкинлигини тахмин қилди. ТИВ вакили Суфиён Ал-Қуда ҳарбий ҳаракатни зудлик билан тўхтатишга чақириб, Сурия суверенитетини ҳурмат қилиш зарурлиги, мамлакат хавфсизлиги минтақавий барқарорлик учун муҳим эканини таъкидлади.
Миср ҳам Сурия ва Ливанга зарбалар кўринишидаги қонунбузарлик тарангликни, минтақадаги беқарорликни кучайтиришига урғу берган.
Шу куни Исроил Ливан шарқидаги Бекаъ водийсига ҳам ҳаво ҳужуми уюштирган. Ливан расмийларига кўра, ушбу зарба натижасида 12 киши ҳалок бўлган. Исроил армияси Ҳизбуллоҳ жангарилари нишонга олинганини айтган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА