Иордания билан алоқалар ривожланмоқда
– Ҳақиқатан Ўзбекистонда жуда қисқа муддат, яъни сўнгги 8 йил ичида кузатилган ривожланиш барчани ҳайратлантирмоқда. Айниқса, трансформация жараёнини эътироф этмай илож йўқ. Ислоҳотлар самарасини барча, жумладан сўз эркинлиги, демократия, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқи каби асосий йўналишларда кўряпмиз, – дейди мамлакатимиз ташқи сиёсатининг замонавий даврдаги фундаментал асоси ва стратегик устувор йўналишларига тўхталаркан, Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Демия Зуҳайр Ҳаддод.
Элчи Иордания ва Ўзбекистон дипломатик паспорт эгалари учун ўзаро визасиз кириш тўғрисида ҳукуматлараро келишувга эришилганини ҳам қайд этди.
Вице-президентлар Набил Ал-Хатиб ва Баҳжат Ҳамдан ҳамда котиб ўринбосари Фалаҳ Ал-Сағир иштирокида кечган масофавий учрашув чоғида Аммон Савдо-саноат палатаси раиси Халил Ал-Ҳаж Тавфиқ Ўзбекистон товарлар бозори ҳамда экспорт бўйича хизмат ва маълумот базасини шакллантиришда муҳим роль ўйнаши, иқтисодий, савдо ва хизмат кўрсатиш имкониятини ўрганиш, ноанъанавий бозорлар яратишда ҳамкорликнинг янги йўналишларини очиш, савдо айирбошлаш ҳажмини ошириш зарурлигини таъкидлаган.

Учрашувда савдо айланмаси даражаси баҳоланди, маҳсулот айирбошлаш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда инвестиция шериклигини ривожлантириш бўйича хусусий сектор даражасидаги алокаларнинг янги босқичи хусусиятини белгилаш мақсадида Аммон Савдо-саноат палатасига ташриф буюрган Ўзбекистон расмий делегацияси билан бирга олдинги учрашув якунлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, савдо, хизмат кўрсатиш, ахборот технологиялари, туризм, транспорт ва озиқ-овқат соҳаларига ихтисослашган субъектлар ўртасида музокаралар ташкил қилишга келишилди. Ҳамкор давлат делегациясининг мамлакатимизга ташрифига тайёргарлик кўриш мақсадида Иорданияга ўзбек сармоясини жалб қилиш имконияти кўриб чиқилди.
Элчи Ҳаддод Иордания барча дўст давлатлар билан яхши муносабат ўрнатиш истагида экани, бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси алоҳида мавқега эгалигини таъкидлаб, Иордания хусусий сектори ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатни кучайтириши, иқтисодий ва савдо алоқаларини ривожлантиришга интилишини билдирди.
У Аммон Савдо-саноат палатаси вакиллари ҳамкасблари билан бизнесни осонлаштирадиган хизматлар кўрсатиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини қайд этди. Иордания савдо делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат ўртасидаги савдо айирбошлашни кенгайтириш йўлларини муҳокама қилиш, турли соҳаларда ҳамкорликнинг янги имкониятларини кашф қилишига ишонч билдирди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси билан Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги ўртасида 1993 йил 15 февралда дипломатия муносабати ўрнатилгач, сиёсий, иқтисодий, маданий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА