Инвесторга кўмак – юрт равнақига кўмак
Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ва Боёвут тумани ҳудудидаги 85 гектар майдонда Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига умумий қиймати 1,2 миллиард АҚШ доллари ва қуввати 1500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станцияси барпо этилмоқда.
Мазкур лойиҳа энг замонавий ва мураккаб технологияларни ўз ичига олиб, Ўзбекистондаги биринчи йирик мустақил электр энергияси лойиҳаси ҳисобланади. Қурилиш ишларини ўз вақтида якунлаш, турли функцияларни бажариш учун юқори малакали ва тажрибали ходимлар талаб этилади. Ҳозирда маҳаллий ишчилардан ташқари, Хитой, Туркия, Миср, Ҳиндистон, Покистон, Буюк Британия, Филиппин, Испания ва бошқа мамлакатлардан малакали мутахассислар жалб этилган.
Яқинда станцияга Япониянинг “Mitsubishi” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 525 тонналик дунёдаги энг замонавий ва энергия тежамкор газ қувурлари олиб келинди.
Лойиҳани амалга оширишнинг галдаги босқичлари учун махсус малакага эга, тажрибали мутахассисларга эҳтиёж сезилади.
Вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Мурод Муҳаммадиев ва бошқарманинг Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Муҳаммади Абдураҳмонов “ACWA Power Sirdaryo” МЧЖ масъуллари билан учрашди.
Учрашув давомида амалга оширилаётган лойиҳа самарадорлиги, қурилиш ишларини жадаллаштириш учун ходим ва ишчи кучини жалб қилиш, шунингдек, махсус малака ва тажрибага эга хорижий мутахассисларни олиб келиш масаласида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди. Бунинг натижасида юртимизга замонавий технологияларни олиб келиб, улардан фойдаланишда маҳаллий кадрларни тайёрлаш имконияти кенгаяди.
– Мамлакатимизда инвестициявий муҳитнинг яхшиланиши энг сўнгги русумдаги технологиялардан унумли фойдаланишни тақозо этади, – дейди “ACWA Power Sirdaryo” МЧЖ директори ўринбосари Алимардон Абдукаримов. – Бандлик бошқармаси билан доимий ҳамкорликда хориж тажрибасини юртимизда татбиқ этишга эришяпмиз. Ҳозирда Ширин энергетика коллежида ишлаб чиқаришда фаол иштирок этадиган кадрлар тайёрлашни йўлга қўйганмиз.
Ш.Суяров, ЎзА