Жорий йил бошида давлатимиз раҳбари бошчилигида Хитойга бўлган олий даражадаги ташриф давомида Когон шаҳар ҳокими Ҳаёт Давлатов ҳам делегация таркибида форум ва кўргазмаларда иштирок этиш билан бирга, Хитойнинг 10 та шаҳрида бўлиб, халқаро ҳамкорлик йўналишида кўпгина компаниялар билан дастлабки келишувларга эришиб келган эди.
“Yuexin Intelligent Henan Yuexin Intelligent Machinery Co., Ltd” компанияси Бухоро вилояти Когон шаҳрида хорижий инвестиция ва савдо йўналишида ўз фаолиятини ташкил этиш бўйича қизиқиш билдирган компаниялардан бири. Мазкур компания 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, компаниянинг асосий фаолияти “ақлли” кон ускуналари ва унинг иловаларини тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқиш, тоғ-кон юк машиналарини ишлаб чиқариш ва “smart” кон ишларини ўз ичига олади.

Компания вакилларидан иборат гуруҳ Когон шаҳрида бўлди. Шаҳардаги саноат корхоналари фаолияти, ҳудуд иқтисодий имкониятлари, ҳар томонлама манфаатли лойиҳалар юзасидан истиқболли таклифларни ўрганди. Янги истиқболли таклифларни ҳамкорликда амалга ошириш ҳисобига компания билан кўп қиррали ҳамкорликни йўлга қўйиш, инвестиция ва савдо масалаларини ривожлантириш бўйича келишиб олинди.
Айни кунда темирйўлчилар шаҳрида саноат ишлаб чиқариш субъектларини кўпайтириш туфайли қўшимча иш ўринларини кенгайтириш, рақобатбардош маҳсулотлар экспорт кўрсаткичларини янада ошириш баробарида хитойлик ҳамкорлар билан тенг манфаатли шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, “Yuexin Intelligent Henan Yuexin Intelligent Machinery Co., Ltd” компаниясидан кейин Хитой Тадбиркорлар палатаси аъзоси Ю Куун хизмат сафари билан Когон шаҳрида бўлди. Шаҳардаги саноат корхоналари фаолияти, ҳудуд иқтисодий-ижтимоий имкониятлари билан яқиндан танишди.
Хитойлик меҳмон дастлаб кўп тармоқли “Когон Меҳнат роҳат” масъулияти чекланган жамияти қурилиш материаллари ишлаб чиқариш цехлари ва савдо дўкони фаолияти, корхона негизида ташкил этилган истироҳат боғини кўздан кечирди. Хорижий инвестор маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликда лак-бўёқ маҳсулотлари, гул қоғоз ишлаб чиқариш, истироҳат боғини болалар учун замонавий аттракционлар билан жиҳозлаш, болалар истироҳат боғи фаолиятини янада кенгайтириш лойиҳаларига сармоя киритишга доир таклифларини илгари сурди.

Шу билан бирга, хитойлик тадбиркор иссиқхона хўжаликлари учун мини тракторлар ишлаб чиқариш лойиҳасига инвестиция киритиш бўйича маҳаллий корхона “New Constrution Group Plyus” масъулияти чекланган жамиятидаги шароит, бўш турган биноларидан унумли фойдаланиш имкониятига эътиборни қаратди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири