800 тонна полиэтилен плёнка, 7 минг 900 тонна полиэтилен қувур ишлаб чиқарилади
“Жиззах пластмасса” акциядорлик жамиятида амалга оширилган лойиҳалар туфайли икки турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 37 янги иш ўрни яратилди.
“Жиззах пластмасса” акциядорлик жамиятида амалга оширилган лойиҳалар туфайли икки турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 37 янги иш ўрни яратилди.Корхонада янги лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат дастурига мувофиқ 3 миллиард 666 миллион сўмлик инвестиция ўзлаштирилди. Бу жараёнда янги технологиялар ўрнатилиши ҳисобидан ишлаб чиқариш қуввати қарийб икки баробар оширилди. Энди корхона йилига 800 тонна полиэтилен плёнка ва 7 минг 900 тонна полиэтилен қувур ишлаб чиқариш қувватига эга.
Мазкур лойиҳалар самарасида полиэтилен плёнка ва ташқи ўлчами 50-250 ва 710-1200 миллиметр бўлган полиэтилен қувурлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Полиэтилен маҳсулотларга халқ хўжалигининг турли соҳаларида, айниқса, сув хўжалиги, маиший хизмат, коммунал қурилиш тармоқларида талаб катта. Хомашё тўлиқ “Шўртангазкимё” мажмуасидан олинаётгани боис маҳсулот таннархи паст бўлишига эришилмоқда.
Иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, тармоқларни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга доир лойиҳалар учун инвестициялар жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бермоқда. Чунончи, тўрт-беш йил аввал ушбу акциядорлик жамиятининг иқтисодий аҳволи анча начор эди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 июндаги қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ корхонада амалга оширилган соғломлаштириш тадбирлари туфайли ишлаб чиқариш тубдан қайта тикланди.
– Киритилган инвестиция ҳисобига янги лойиҳалар амалга оширилди. Натижада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва тури кўпайди, сифати кескин яхшиланди, – дейди корхона раҳбари Элёр Тўрақулов. – Ўтган йили корхонанинг рентабеллик даражаси 2,9 фоизни ташкил этди. Жорий йилда бу кўрсаткич янада яхшиланади.
Айни пайтда бу ерда халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ортиб бораётир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 15 декабрдаги “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори асосида “Жиззах пластмасса” акциядорлик жамиятида “Халқ истеъмоли моллари, галантерея, болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш” лойиҳаси амалга оширилиши туфайли корхонада 20 дан ортиқ турдаги уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.