Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инвестиция лойиҳалари кўпаймоқда

Якунланган 2024 йил Оҳангарон тумани учун салмоқли ва самарали натижаларга бой бўлди. Айниқса, инвестиция, саноат лойиҳаларини амалга ошириш борасида тизимли ишлар қилинди.

Жумладан, 2024 йил 177,9 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш прогноз қилинган бўлиб, шу асосида хорижий ҳамкорлар билан ишлар олиб борилди. Хусусан, мазкур туманнинг “Қизилой” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида умумий қуввати 20 минг тонна цемент ва бетон қўшимчалари ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Toshkent Conch New Materials” корхонаси фойдаланишга топширилди.  

Корхонанинг очилиш маросимида Оҳангарон тумани ҳокими Дониёр Мадиримов билан “Conch Group” компанияси раҳбарияти вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Ўзаро давра суҳбатида Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланиб бораётгани, икки давлат раҳбарларининг ҳамкорлик борасидаги ташаббуслари ҳамда янги лойиҳанинг истиқболлари ҳақида сўз борди.  

Тадбирда туман ҳокими Дониёр Мадиримов мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган халқчил ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталиб, янги очилган корхона ана шундай бунёдкорлик ишларининг яна бир натижаси эканини таъкидлади.  

Шундан сўнг барча иштирокчилар ҳамда масъуллар корхонанинг имкониятлари ва ундаги юқори технологиялар билан танишди. Маълумотларга кўра, 2025 йил Оҳангарон туманида 206 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилган.  

Келгуси 5 йиллик давомида 44 та инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 2,7 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштириб, 3 минг 705 та иш ўринлар яратиш мақсад қилинган. Шунга мос равишда экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар сони 35 тадан 58 тага ҳамда экспорт географияси 16 тадан 22 тага етказилади.  

А.Мусаев, ЎзА