Пискент тумани ҳокимлиги ва Хитойнинг йирик саноат шаҳарлари раҳбарлари ўртасида инвестиция лойиҳаларини жалб этиш юзасидан учрашув бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Нодирбек Якубов, Шандун провинциясидаги йирик саноат шаҳри бўлган Зибо шаҳар комитети раиси жаноб Ма Хиаолеи, Гаохин шаҳри мэри жаноб Ли Жинжуе, Зҳангдианқу шаҳри мэри Гуо Қинг ва бошқа расмийлар билан ўзаро фойдали келишувларга эришилди.
Хусусан, 5 йилдан буён Пискентда фаолият юритаётган “Zhongtian Silicon Chemical” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан кон-металлургия соҳасида қўлланиладиган “ционид натрий” маҳсулоти ишлаб чиқариш режалаштирилган. Лойиҳанинг қиймати 20 миллион долларни ташкил этади. Йиллик 20 минг тонна “ционид натрий” ишлаб чиқарилади ва экспорт, ички бозорга йўналтирилади. Корхона тўлиқ қувват билан ишга тушгач 200 нафар маҳаллий фуқаро учун янги иш ўрни яратилади.


Айни вақтда корхонада йилига 6 минг тонна ксантогенат, 4 минг тонна сульфид натрий ҳамда гидросульфид маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, Навоий ва Олмалиқ кон-металлургия комбинатлари, Қозоғистон, Тожикистон, Россия Федерациясига жўнатилади. Мулоқотлар давомида хитойлик инвесторлар билан инвестиция салоҳиятини ошириш ва ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини кенгайтириш юзасидан шартномалар имзоланганди.


Ҳозир Пискент туманида 1 минг 433 та ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 184 таси йирик корхоналардир. 29 та чет эл билан қўшма корхона ва 14 та экспортёр корхона ҳисобига туманнинг экспорт салоҳияти тобора ортиб бормоқда.
Туман ҳокими Нодирбек Якубов Хитой расмийлари ва ишбилармонлари билан бирга янги корхона пойдеворини қўйиш маросимида қатнашди. Бунинг учун ҳудуддан бўш турган бино-иншоот ва 3 гектар ер майдони аукцион танлови орқали ажратиб берилди.



А.Мусаев, ЎзА мухбири