Шу кунларда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегация Россия Федерациясида бўлиб турибди.
Делегация вакилларини Уфа шаҳрида Бошқирдистон раҳбари Радий Хабиров тантанали кутиб олди. Шундан сўнг Бошқирдистон Республикаси ҳамда Тошкент ва Фарғона вилоятлари ўртасида стратегик шериклик масалалари бўйича учрашувлар бўлиб ўтди.
Дастлаб Бошқирдистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – Иқтисодий ривожланиш ва инвестиция сиёсати вазири Рустам Муратовнинг икки мамлакат бўйича фикрлари тингланиб, видеоролик намойиш этилди. Шундан сўнг Зойир Мирзаев Тошкент вилоятининг инвестицион салоҳияти хусусида нутқ сўзлади.
Музокаралар давомида туризм, саноат ва ёғочни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Бошқирдистон Республикаси ва Тошкент вилояти Савдо-саноат палаталари раҳбарлари В2В ва G2B форматда тадбиркорлар билан мулоқотлар уюштирди. Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Форум якунида Тошкент вилоятининг савдо, иқтисодий, инвестициявий салоҳияти тўғрисида тақдимот қилинди.
А. Мусаев, ЎзА мухбири