Тофу – соғлом овқатланиш ишқибозларининг севимли маҳсулотига айланаётган бўлса-да, бу маҳсулот ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлганлар кўп эмас. У юқори сифатли ўсимлик оқсили манбаи ҳисобланади.
Таркибида холестерин миқдори паст бўлгани сабабли, тофу юрак-қон томир тизими учун фойдали, вазнни назорат қилишга ёрдам беради, витамин ва минералларга бой. Қандли диабет билан оғриган беморлар учун ҳам у тавсия этиладиган энг қулай озуқа саналади.
Эътиборлиси, ушбу маҳсулот соя донидан тайёрланади. Ва айнан ана шу маҳсулот билан боғлиқ илмий янгиликка юртимиздаги иқтидорли тадқиқотчи, Қарши давлат техника университети таянч докторанти Ситора Ҳодиева томонидан амалий ечим топилди. Бир неча йиллик тадқиқотлар, илмий изланишлар самараси ўлароқ, у соя донидан оқсилга бой, табиий ва фойдали тофу маҳсулотини тайёрлашга эришди.
Ситора Ҳодиеванинг бу саъй-ҳаракатлари унинг “ташриф қоғози”га айланган, десак муболаға бўлмайди. Энди у бу маҳсулотни нафақат маҳаллий бозорда, балки Хитой, Жанубий Корея каби Осиё давлатларига экспорт қилишни ҳам мақсад қилган.
Яқинда эълон қилинган Президентимизнинг “Ёшлар куни муносабати билан юртимизнинг фаол ва ташаббускор ёш авлод вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан, Ситора Ҳодиева “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди. Бу унинг йиллар давомидаги тинимсиз меҳнати, изланишлари ва илмий ютуқларининг муносиб эътирофидир.
– Ситора талабалик давриданоқ илмга қизиқиши, изланишга чанқоқлиги билан ажралиб турарди, – дейди Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш технологияси кафедраси мудири, профессор Муабара Ҳакимова. – Университетдаги фаолияти давомида турли танлов ва форумларда муваффақиятли иштирок этди. Магистратура босқичида ҳам билим олишни давом эттириб, муваффақиятли илмий ишлар олиб борди.
2022 йили Ўзбекистон Республикаси Ёшлар академияси томонидан ўтказилган “Бўлажак олим” танловида соя донидан тофу тайёрлашга бағишланган стартап лойиҳаси билан ғолибликни қўлга киритди. Лойиҳа 380 миллион 800 минг сўм маблағ билан молиялаштирилди.
Бугунга келиб, ушбу ғоя амалиётда ўз ифодасини топди. Лойиҳа доирасида Ситора Ҳодиева тофу маҳсулотини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди ва 5 нафар талабани иш билан таъминлади. Бу нафақат илм-фаннинг қўлланилиши, балки ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам катта ҳисса демакдир.
– Илмимиз, билимимиз, тажрибамиз – барчаси давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилгани биз учун катта ифтихордир, – дейди “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Ситора Ҳодиева. – Бу эътироф бизга улкан масъулият юклайди. Эндиги мақсадимиз янада кенгроқ кўламдаги лойиҳалар устида ишлаш, мамлакатимиз илм-фанига муносиб ҳисса қўшишдир.
[gallery-24630]
“Бирники мингга” деганларидек, Ситора Ҳодиева каби изланувчан, фидойи ва меҳнатсевар ёшлар тенгдошлари учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда. Уларнинг муваффақияти бошқаларни ҳам янгилик яратишга, илмга мойилликни кучайтиришга, катта ғоялар устида фикр юритишга илҳомлантиради.
Бундай ёшларимиз – замонавий Ўзбекистоннинг ҳақиқий қаҳрамонлари. Уларга яратилаётган имконият ва шарт-шароитлар, кўрсатилаётган эътибор – мамлакатимиз келажагига бўлган ишончнинг ёрқин ифодасидир.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари