Интилган одам муваффақият қозонади
Жадидчилик ҳаракати етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий шундай деган: “Сизларға васият қиламан. Маориф йўлида ишлай турғон муаллимларнинг бошини силангизлар! Маорифга ёрдам этингиз! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар...”
Миллат ва халқнинг ривожи, унинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ўқитувчилар фаолиятига боғлиқ. Зеро, ўқитувчи ва мураббийга кўрсатилган эҳтиром порлоқ келажакка ташланган муҳим қадамдир.
Жорий йилда давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига кўра, мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, ўқув-тарбия жараёнларига миллий ва илғор хорижий тажрибалар, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш йўлидаги катта хизматлари учун бир гуруҳ илм фидойилари мукофотланди.

Улар орасида Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Меҳриддин Жаҳонов ҳам бор. Фидойи педагог “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
– Ҳамкасбларим орасида энг ёш ходимлардан бири ўзимман, – дейди Меҳриддин Жаҳонов. – Очиғи, кутмаган эдим. Ўша куни сизга ҳам мукофот бор экан дейишса, менга ҳам ташаккурнома берилар экан, дея қувониб кетганман. Тегишли фармон билан мукофотланганлар орасида ўз исм-шарифимни кўриб ҳайратга тушдим. Президент эътирофи юксак эътибор, шу билан бирга жуда катта масъулият ҳам.
Аслида чет тилларига ихтисослашган йўналишда таҳсил олганман. Немис, инглиз тилларини ўрганганман. Бироз муддат мактабларда чет тили ўқитувчиси бўлиб фаолият олиб борганман. Ёшлигимдан адабиётни севардим. Она-тили ва адабиёт бўйича қайта таҳсил олдим.
Юқори синфларда дарс бераман. Айни иш фаолиятимни бошлаган кезларим мактабларда маош жуда кам эди. Тадбиркорликда ўзимни синаб кўриш истаги ҳам пайдо бўлган. Шунда катта опам ҳар бир ишни маромига етказишни ўргансанггина ҳақиқий ғалабани ҳис қиласан, дея ўз касбимни давом эттиришга ундаган. Интилган одам муваффақият қозонади албатта. Бунга ўз ҳаёт тажрибамда гувоҳ бўлдим.
Замон ўзгарди. Ўқитувчига ҳурмат, эътибор қайта бошлади, маошлар оширилди. Мен ҳаётимда эришган ҳар бир ютуғимга касбим орқали эришдим. Маошимдан ташқари вазир жамғармаси, қўшимча устама пуллар билан минг АҚШ доллари атрофида маош оламан. Хоҳловчилар учун қўшимча машғулотлар ташкил қилганман. Мен сабоқ берган ўқувчиларнинг кўпчилиги олийгоҳ талабаси бўлишгани боис, уларнинг ота-онасидан миннатдорлик сўзларини эшитаман. Шунда касбимдан фахрланаман. Қўшимча дарсларда иштирок этадиган ўқувчи учун тўлов пулини қатъий битта суммада белгиламайман. Ҳар ким ўз шароитидан келиб чиқиб тўлов қилади. Оилавий шароити оғир, аммо ўқишга иштиёқи баланд ўқувчига ҳеч бир тўловларсиз дарс ўтаман.
Кунимнинг аксарият қисми кутубхонада ўтади. Бадиий китоб ўқишни севаман. Кўпчилик ҳозирги ёшларни китоб ўқимасликда айблайди. Аммо мен билган, таниган ёшлар орасида тинмасдан китоб мутолаа қилувчилар бир талай. Ўқувчиларим фан олимпиадаларининг республика босқичида юқори ўринларни қўлга киритди. Демоқчиманки, ўзингизга ишонсангиз ҳар соҳада муваффақиятга эришиш мумкин. Муаммоларнинг ечими эса таълим, таълим ва яна таълим!
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА