Интернетдаги "романтика" товламачиликка йўл очиб берди
Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи Р.Д.га таниши мунтазам равишда турли хил телеграм аккаунтлари орқали ёзиб, бошқаларга кўрсатиб бўлмайдиган фото ва видеотасвирларини ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан қўрқитиб, 200 АҚШ доллари талаб қилиб келган.
Бу ҳақда у тегишли органга ариза билан мурожаат қилиб, товламачига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида товламачилик қилган шахс Тўрткўл туманида яшовчи Х.Ғ. экани аниқланган.
Х.Ғ. ушбу фото ва видеотасвирларни жабрланувчининг ўзи интернет орқали юборганини маълум қилган. Уларни ижтимоий тармоқларга тарқатиб юбормаслик учун пул талаб қилганида аёл айтилган пулни берганини, янада кўпроқ фойда кўриш ниятида бу ишни давом эттирганига иқрор бўлган.
ИИВ Киберхавфсизлик марказидан маълум қилишларича, Х.Ғ.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кодекснинг мазкур моддаси “Товламачилик” деб номланган бўлиб, товламачилик, яъни жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш – уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бу ҳаракатлар яна давом эттирилса, жазо янада оғирлашиб боради.
ЎзА