Интенсив боғ ҳудудида ёнғин содир бўлди
Бугун, 28 июль эрталаб соат 7:56 да Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани “Янгидиёр” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “EzerAgro.” масъулияти чекланган жамиятига қарашли интенсив боғ ҳудудидаги маъмурий бинода ёнғин келиб чиққан.
– Ёнғин содир бўлган ҳудудга зудлик билан вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 2 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси юборилиб, бўлинмалар ёнғин жойига соат 8:12 да етиб борган, – дейди Жиззах вилояти ФВБ Ахборот хизмати бошлиғи, капитан Фаррух Абдурахманов. – Соат 8:15 да ёнғин ўраб олинган ва соат 8:45 да тилсиз ёв батамом бартараф этилди. Ходимларимизнинг тезкор ҳаракатлари натижасида маъмурий бинонинг 70 квадрат метр майдони ёнғиндан сақлаб қолинган. Ёнғин туфайли ҳеч ким жабрланмаган.

Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, ёнғинга бино томидан ўтган электр симларининг қисқа туташуви сабаб бўлган.

Ушбу фавқулодда ҳодиса туфайли кўрилган моддий зарар миқдори соҳа мутахассислари томонидан аниқланмоқда.
А.Қаюмов. Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА