Интенсив боғлар – тўкинлик манбаи
Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Экоагропродукт” фермер хўжалигида 2015 йилда барпо этилган интенсив боғда гилос пишиб, олмага ранг кирди.
Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Экоагропродукт” фермер хўжалигида 2015 йилда барпо этилган интенсив боғда гилос пишиб, олмага ранг кирди.– Кўчатлар қисқа вақтда ҳосилга кириши интенсив боғнинг афзаллигидир, – дейди фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Қаҳрамон Илҳомбеков. – Бу йил дастлабки ҳосилдан гектаридан 10 тоннадан мева териб олишни мўлжаллаяпмиз. Кейинчалик ҳосилдорлик 40-50 тоннага етиши кутилмоқда.
Хўжаликда ўтган йили 137 гектар майдонга қуёш нурининг тушиши, шамол йўналиши ҳисобга олиниб, 40 сантиметр чуқурликда ҳайдалган тупроққа интенсив технология асосида олма, шафтоли, гилос, ўрик, олхўри, нок кўчатлари ўтқазилган эди. Бардонкўл атрофидаги текисликда жойлашган боғ томчилатиб суғорилмоқда. Бу илғор услуб майдонларни суғоришда сувни икки бараваргача тежаш имкониятини беради. Ўғит сув билан эритма ҳолда айнан кўчат тупларининг ўзига етказилиши ҳосилдорликни ошириб, тупроқ эррозиясининг олдини олишга ҳам хизмат қилмоқда.
Суғориш ва ўғитлар билан озиқлантириш оби-тобида амалга оширилаётган боғда бугун кўчатлар бўлиқ ривожланаётир.
– Интенсив боғлардаги дарахтларнинг танаси кичик бўлганлиги учун улар билан ишлаш қулай, – дейди тажрибали боғбон Шерзод Ҳайдаров. – Меванинг сифати юқори ва териш анча осон. Бунда иш унумли, юқори бўлиши билан бирга терилган меваларнинг сифатига зарар етмайди, нобудгарчилик камаяди.
Боғбонлар Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 12 апрелдаги "Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорини мамнуният билан кутиб олди.
– Мева-сабзавотнинг давлат буюртмасига киритилгани бизни қувонтирди, – дейди фермер тўлқинланиб. – Бозорларимизни тўлдираётган сархил мевалару дармондориларга бой сабзавот маҳсулотларини хорижга экспорт қилинишига янада кенг йўл очган мазкур қарор ҳаётимиз бундан-да фаровон бўлишига хизмат қилади. Қайси мамлакатда шундай ширин-шакар мевалар бор? Бизда етиштирилаётган карсиллаган ҳусайнию тоифи, олма, ўриклар асал билан беллаша олади. Мева-сабзавот етиштирувчиларнинг экспорт корхоналари билан шартномалар тузганда комиссион нархи 1 фоиздан ошмаслиги, 2019 йилнинг 1 январигача мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узумни қайта ишлайдиган хусусий мулк шаклидаги корхоналар замонавий технологиялар олиб киришда божхона тўловлари каби бир қатор тўловлардан озод этилгани Президентимизнинг биз, фермерларга кўрсатаётган ғамхўрлигининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Давлатимиз томонидан яратилган имкониятлардан самарали фойдаланаётган фермер хўжалигининг моддий-техник базаси йилдан-йилга мустаҳкамланмоқда. Жорий йилда етиштирилган ҳосилни сақлайдиган, 6 минг тонналик музлаткич қуриш мўлжалланмоқда.