Интеллектуал мулкни халқаро даражада ҳимоя қилиш масаласи долзарблигича қолмоқда
Сўнгги йилларда дунёда интеллектуал мулк соҳаси глобал иқтисодиётнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Рақамли технологиялар, сунъий интеллект, инновациялар ва креатив индустриялар жадал ривожланаётган ҳозирги шароитда интеллектуал мулк ҳуқуқларини халқаро даражада самарали муҳофаза қилиш давлатлар учун стратегик аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти — WIPO бошқарувидаги халқаро шартномаларга қўшилиш бўйича ташлаётган қадамлари мамлакатнинг халқаро ҳуқуқий ва иқтисодий интеграциясида муҳим босқич ҳисобланади.

Маълумот учун, WIPO — Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ҳисобланади. У Бирлашган миллатлар ташкилотининг махсус муассасаларидан бири бўлиб, бутун дунёда интеллектуал мулк ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, халқаро стандартларни ишлаб чиқиш ва давлатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш билан шуғулланади. Ташкилотнинг маркази Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган.
Бугун Ўзбекистон ҳам WIPO тизими доирасидаги 20-халқаро шартномага қўшилиш сари ҳаракат қилмоқда. Бу эса нафақат миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш, балки мамлакатимизда инновацион иқтисодиёт, IT соҳаси, стартаплар ва креатив индустрияларни ривожлантириш учун ҳам мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Бу ҳақда халқаро ҳуқуқ ва интеллектуал мулк соҳаси тадқиқотчиси, Тошкент давлат юридик университети Халқаро ҳуқуқ ва сиёсий ҳуқуқшунослик факультети Тадқиқот маркази катта илмий ходими, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори Шоҳрухбек Тиллабоев ўз фикрларини билдирди.
– WIPO шартномаларига қўшилиш Ўзбекистон учун нечоғлик аҳамиятли?
— Бугунги кунда рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, медиа платформалар ва электрон тижорат жадал ривожланаётган бир пайтда интеллектуал мулкни халқаро даражада ҳимоя қилиш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, WIPO шартномаларига қўшилиш Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга қадам ҳисобланади.
Айниқса, рақамли трансформация жараёнлари жадаллашган шароитда интеллектуал мулк ҳуқуқларини халқаро даражада муҳофаза қилиш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда сунъий интеллект орқали яратилган контент, рақамли активлар, интернет платформаларда тарқатилаётган муаллифлик объектлари, товар белгилари билан боғлиқ киберҳуқуқбузарликлар ва трансчегаравий рақамли хизматлар халқаро ҳуқуқ олдига янги чақириқларни қўймоқда. Шу сабабли давлатлар интеллектуал мулк соҳасидаги миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштиришга, ҳуқуқий механизмларни модернизация қилишга ва глобал институтлар билан ҳамкорликни кучайтиришга интилмоқда.
Мазкур жараёнларда Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти — WIPO алоҳида ўрин тутади. У БМТнинг ихтисослашган муассасаларидан бири сифатида интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи асосий глобал платформа ҳисобланади.
Ташкилот халқаро шартномаларни ишлаб чиқиш, давлатларга ҳуқуқий ва техник ёрдам кўрсатиш, интеллектуал мулк объектларини халқаро рўйхатдан ўтказиш тизимларини юритиш ҳамда рақамли даврда интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги механизмларни шакллантириш билан фаол шуғулланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг WIPO бошқарувидаги халқаро шартномаларга қўшилиш бўйича ташлаётган қадамлари мамлакатимизнинг халқаро ҳуқуқий ва иқтисодий интеграциясида муҳим аҳамият касб этади.
– Ушбу жараёнда олиб борилаётган бирор бир амалий натижаларни кўрсата оласизми?
— Албатта, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Келиб чиқиш жой номлари ва географик кўрсаткичлар тўғрисидаги Лиссабон битимининг Женева актига қўшилиш ҳақидаги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бу борадаги муҳим ҳуқуқий қадамлардан бири бўлди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон WIPO доирасидаги Лиссабон тизимига аъзо бўлиши кутилмоқда. Бу эса товар келиб чиққан жой номлари ва географик кўрсаткичларни халқаро даражада рўйхатдан ўтказиш имконини беради. Энг муҳими, ушбу тизим орқали бир марта рўйхатдан ўтиш ва ягона бож тўловини амалга ошириш орқали интеллектуал мулк объектлари барча иштирокчи давлатларда узоқ муддатли ҳуқуқий ҳимояга эга бўлади.
Бу, айниқса, Ўзбекистоннинг миллий ва анъанавий маҳсулотлари учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Масалан, Чуст пичоғи, Самарқанд нони, Марғилон адраси, Хоразм қовуни каби маҳсулотлар нафақат мамлакатимизда, балки халқаро бозорда ҳам ўз бренди ва нуфузига эга бўлиб бормоқда. Географик кўрсаткичларни халқаро ҳуқуқий муҳофаза қилиш эса ушбу маҳсулотларнинг ноқонуний тақлид қилиниши, бренддан асоссиз фойдаланиш ва инсофсиз рақобат ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
– Мутахассисларнинг фикрича, Лиссабон тизимига қўшилиш маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам катта имкониятлар яратар экан. Айтингчи, бунинг қандай афзалликлари бор?
— Бунда мутахассислар бир қанча қулайликларни назарда тутган. Хусусан, хорижда ҳуқуқий ҳимоя олиш харажатлари ўртача 3 баробарга қисқаради. Ариза бериш жараёнлари анча соддалашади. Ҳуқуқий экспертиза ва кўриб чиқиш муддатлари тезлашади. Маҳаллий брендларни ташқи бозорларда тарғиб қилиш имкониятлари кенгаяди.
Шу билан бирга, мазкур қадам Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни билан ҳам узвий боғлиқ. Чунки, интеллектуал мулк ҳуқуқларини самарали муҳофаза қилиш ва халқаро стандартларга мос ҳуқуқий тизимни шакллантириш ЖСТнинг асосий талабларидан бири ҳисобланади.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасида кенг кўламли ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Масалан, интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнлари рақамлаштирилди, онлайн ариза бериш тизимлари жорий қилинди, ҳуқуқларни ҳимоя қилиш механизмлари кучайтирилди ҳамда миллий қонунчилик TRIPS битими ва WIPO стандартларига мослаштирилмоқда. Ушбу ислоҳотлар сизнингча, келгусида қандай самара беради?
— Келгуси йилларда интеллектуал мулк ва рақамли технологиялар ўртасидаги боғлиқлик янада кучаяди. Сунъий интеллект орқали яратилган контент, рақамли активлар, NFT, метаверс ва интернет платформалардаги ҳуқуқий муносабатлар янги чақириқларни келтириб чиқаради.
Шу сабабли давлатлар фақат анъанавий интеллектуал мулкни эмас, балки рақамли муҳитдаги ҳуқуқларни ҳам комплекс тарзда тартибга солишга ҳаракат қилади. Ўзбекистоннинг WIPO доирасидаги халқаро жараёнларда фаол иштирок этиши эса мамлакатнинг мазкур глобал тенденцияларга тайёр эканини кўрсатади.
– Маълумки, ҳар қандай ислоҳотларнинг асосида халқаро тажриба муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, жорий тизим ривож топган қайси мамлакатни айта оласиз?
— Мисол сифатида Ҳиндистоннинг “Darjeeling tea” кейсини келтириш мумкин. Ҳиндистон мазкур чой брендини халқаро даражада рўйхатдан ўтказиш ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш орқали бозордаги сохта маҳсулотларга қарши курашди. Чунки, бир вақтлар “Darjeeling” номи дунё бўйлаб турли давлатларда ноқонуний равишда ишлатилиб, ҳақиқий маҳсулот ишлаб чиқарувчилар иқтисодий зарар кўраётган эди.
Ҳиндистон ҳукумати ва Tea Board of India томонидан WIPO механизмлари, халқаро товар белгилари тизими ва географик кўрсаткичлар орқали комплекс ҳуқуқий ҳимоя чоралари амалга оширилди. Бунинг натижасида “Darjeeling tea” халқаро бозорда эксклюзив ва юқори қийматга эга миллий бренд сифатида мустаҳкамланди.
Европа Иттифоқи тажрибасида ҳам географик кўрсаткичлар иқтисодий ривожланишнинг муҳим инструменти ҳисобланади. Масалан, “Parma Ham” (Италия), “Roquefort cheese” (Франция), “Feta” (Греция) каби маҳсулотлар халқаро ҳуқуқий ҳимоя орқали нафақат маҳсулот сифати ва келиб чиқишини кафолатлайди, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга ҳам хизмат қилади.
Ўзбекистон учун ҳам бу йўналиш катта стратегик аҳамиятга эга. Чуст пичоғи, Самарқанд нони, Марғилон адраси ёки Хоразм қовуни каби маҳсулотлар келажакда нафақат миллий бренд, балки халқаро ҳимояга эга юқори қийматли экспорт маҳсулотига айланиши мумкин. Лиссабон тизимига қўшилиш эса бу борада муҳим ҳуқуқий ва институционал асос яратади.
Шербек Исломов, ЎзА