Интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ортмоқда
Бугунги кунда интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар сони ва уларни содир этиш усуллари ва кўлами ортиб бормоқда. Жумладан, 2020 йилда 54 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган бўлса, ушбу кўрсаткич 2021 йилда 287 та, 2022 йилда 380 та, 2023 йилда 886 та, 2024 йилда 936 тани ташкил қилган.
Ҳуқуқбузарликларнинг 50 фоизидан ортиғи ўзганинг товар белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш натижасида содир этилган. Бунинг асосий сабаби жарималар миқдорининг камлигидир.
Бу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар интеллектуал мулк эгалари, хусусан, муаллифлар, ижодкорлар, ихтирочилар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини самарали ҳимоя қилишни тақозо этмоқда.

Қонунчилик палатасининг мажлисида интеллектуал мулк ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, таҳлилларга кўра, сўнгги беш йилда интеллектуал мулкнинг тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш кўламининг ортиши ва айрим бизнес вакиллари томонидан ноҳалол тадбиркорлик фаолияти олиб борилиши сабабли бу йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар сони кескин ошган.

Жумладан, 2023 йилда судлар томонидан интеллектуал мулк объектлари ҳимоясига оид 249 дан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган. 2024 йилда эса интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари бўйича муаллифлар фойдасига суд қарорлари билан бир миллиард сўмга яқин товон пули ундирилган.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Фуқаролик кодексларига муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни, шунингдек, саноат мулки объектларига бўлган ҳуқуқларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамиятда интеллектуал мулк ҳуқуқига бўлган ҳурмат ҳиссини шакллантириш ва интеллектуал мулк эгаларининг моддий манфаатларини ҳимоя қилиш, интеллектуал мулк соҳасидаги жавобгарлик чораларини кучайтириш орқали контрафакт маҳсулотларнинг айланмасига чек қўйиш ва аҳолининг, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг интеллектуал мулк объектларидан қонуний фойдаланиш бўйича масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА