Институтда “Регистратор офиси” ишламоқда
2024 йилнинг 6 майида Президентимиз ҳузурида олий таълимнинг устувор масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах политехника институтида “Регистратор офиси” ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлади.
“Регистратор офиси”да иккита бўлим, яъни хизмат кўрсатиш – front office ҳамда маълумотлар базаси – back office бўлимлари мунтазам ишлаб турибди. Ушбу бўлимларда фаолият юритаётган менежерлар 50 дан ортиқ хизмат турларини кўрсатаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.
Талабалар институтга киргандан то ўқишни якунлаганига қадар барча саволларига “Регистратор офиси”дан батафсил маълумотларни олиши мумкин.
Жумладан, ётоқхоналарга жойлашишга шартнома ва йўлланма бериш, стипендия тўғрисида маълумотнома олиш, академик маълумотнома ва транскрипт олиш, тўлов-шартномаси олиш, талабанинг тўлов-шартномаси бўйича қарздорлиги ва ҳақдорлиги ҳақида маълумот олиш ва бошқа шу каби хизматлар кўрсатиб келинмоқда.
[gallery-22164]
Ўқув-методик таъминотни кўрсатиш мақсадида Жиззах политехника институти профессор-ўқитувчилари томонидан сўнгги йилларда 100 дан ортиқ дарслик, 200 дан ортиқ ўқув қўлланма яратилиб, институт ахборот-ресурс марказига тақдим этилган.
Тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан ҳар ўқув йилида амалий машғулотлар ва лаборатория учун, шунингдек, курс иши (лойиҳаси), битирув малакавий ишларини расмийлаштириш учун услубий кўрсатмалар тайёрланади ва талабаларга тақдим этилади.
Жиззах политехника институтида ахборот тизими яратилган бўлиб, унда ҳужжатлар назорати тизими (платформаси) йўлга қўйилган ва ҳужжатлар тасдиқланиши рақамлаштирилган. Мазкур платформа орқали профессор-ўқитувчилар ўқув йили учун яратилган ўқув-меъёрий ҳужжатларни ортиқча қоғоз, вақт сарфламасдан тасдиқлатиш имконига эга.
Мухтасар қилиб айтганда, Жиззах политехника институтида ташкил этилган “Регистратор офиси” талаба ва ўқитувчиларга кўнгилдагидек хизмат кўрсатмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари