
Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтида қабул жараёнларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Вилоятдаги босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, ахборот хизматлари вакиллари, блогерлар ҳамда институт мутасаддилари иштирок этган анжуманда институт фаолияти, қабул жараёнларининг бориши ҳақида иштирокчиларга кенг маълумот берилди. 2020 йилда ташкил этилган Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтида айни кунда бакалавриат таълим йўналишида еттита мутахассислик бўйича 1 минг 479 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга 70 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар таълим бермоқда.
[gallery-12641]
Институтда талабаларнинг пухта билим олиши, малакали мутахассис бўлиб етишишлари учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган. Бундан ташқари, давлат шерикчилиги асосида замонавий, барча қулайликларга эга ётоқхона барпо этилиб, талабалар ихтиёрига берилган. Анжуманда 2023-2024 ўқув йиллари учун талабаларга қабул қилиш жараёнлари, мавжуд квоталар хусусида маълумот берилди. Жумладан, жорий йилда бакалавриат йўналиши кундузги таълимга етти мутахассислик бўйича жами 485 нафар, сиртқи таълим бўйича 175 нафар, кечки таълим бўйича 150 нафар талаба қабул қилиниши белгиланганлиги қайд этилди.
Тадбирда институт мутасаддилари томонидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА