Институтда "Маърифат дарси"
Мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳисси ёшларда шунчаки чақириқлар билан эмас, сиёсий билим, таҳлилий фикр ва фаол фуқаролик позицияси орқали шаклланади. Жиззах политехника институтидаги навбатдаги "Маърифат дарси" шу жиҳатдан эътиборли бўлди.
“Келажак соати” доирасида ташкил этилган машғулотда талабалар мамлакатимиз ҳаётидаги долзарб жараёнлар билан танишди. Муҳими, муҳокамалар кундалик янгиликлар доирасидан чиқиб, миллий тараққиёт, замонавий технологиялар ва халқаро ҳамкорлик масалаларини қамраб олди.

Миллий кинематографиядаги янгиликлар, “Киношаҳарча” лойиҳаси, тиббиёт тизимида янги стандартларнинг жорий этилиши ва сунъий интеллект имкониятлари мавзуси ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, 2026 йилги Президент Олимпиадаси ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти саммитида илгари сурилган ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди. Президентнинг жорий йил 31 октябрь куни санъат намояндалари билан учрашувида белгиланган вазифалар ҳам эътибордан четда қолмади.

Бу мавзулар бир қарашда турли соҳаларга тегишли. Бироқ уларни бирлаштириб турган муҳим жиҳат бор: мамлакатнинг бугунги тараққиёти ва эртанги салоҳияти. Кино саноатидан тортиб тиббиётгача, спортдан халқаро муносабатларгача бўлган жараёнларда ёшларнинг билими, ташаббуси ва дунёқараши муҳим ўрин тутади.

Машғулотда интерфаол материаллар, видеороликлар ва тақдимотлардан фойдаланилди. Талабалар ўз саволларини бериб, муҳокамаларда иштирок этди. “Бу каби машғулотлар бизга нафақат назарий билим, балки мамлакатдаги стратегик ўзгаришларни англаш имконини беради”, дейди тадбир иштирокчиларидан бири. Бу эса дарснинг оддий ахборот бериш билан чекланмай, фикр алмашиш майдонига айланганини кўрсатди.

Сиёсий маърифатнинг асосий вазифаси ҳам шу: ёшлар мамлакатдаги воқеаларни шунчаки кузатмаслиги, уларнинг сабаблари ва оқибатларини англаши керак. Зеро, эртанги тараққиёт ҳақида фикр юритиш учун бугунги воқеликни тўғри баҳолай олиш зарур.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири