Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!
1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб давлат ва жамият тараққиётининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб келмоқда.
Айниқса, сўнгги етти йилда мамлакатимиз тараққиётининг янги, юксак босқичига кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг қатъий иродаси билан жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Халқ манфаати, инсон ҳуқуқи устуворлиги тамойилига асосланган ушбу ислоҳотлар мамлакатимизнинг Асосий қонунини ҳам ислоҳ этиш заруратини юзага чиқарди. Натижада 2023 йил 30 апрелда референдум асосида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.
Бош қомусимизга киритилган ўзгариш ва қўшимчалар, энг аввало, инсоннинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатини таъминлашга қаратилгани билан эътиборга молик. Бу, ўз навбатида, республикамизнинг суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Конституция муқаддимасида Ўзбекистон халқининг инсон ҳуқуқи ва эркинлигига, миллий ва умуминсоний қадриятларга, давлат суверенитети принципларига содиқлиги белгиланган. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлат, очиқ, адолатли жамият барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлод олдидаги масъулият таъкидланган.
Янги таҳрирдаги Конституцияда “инсон – жамият – давлат” тамойили устувор бўлиб, инсон ҳуқуқига оид конституциявий нормалар миқдори 3 баробар ортганини эътироф этиш керак. Инсоннинг ҳуқуқи ва эркинлигига оид меъёрлар давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлар фаолиятида инсон ҳуқуқи устуворлигини кафолатлайди.
Инсон билан давлат идоралари ўртасидаги муносабатда юзага келадиган ҳар қандай зиддият, ноаниқлик инсон фойдасига талқин этилади. Шу билан бирга, аниқ белгиланган инсон ҳуқуқи ва эркинлигини чеклаш асоси ҳам фақат қонунга мувофиқ ва зарур доирада амалга оширилади.
Давлатнинг инсон ҳуқуқини таъминлашдаги мажбурияти ҳам кенгайтирилган. Хусусан, 54-моддада инсоннинг ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш давлатнинг олий мақсади сифатида белгиланган, 56-моддада давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шароит яратиши кўрсатилган.
Асосий қонунимизнинг 55-моддасида шахснинг ўз ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш ҳуқуқи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ҳолда кенгайтирилган. Жумладан, фуқаролар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлганларидан сўнг инсон ҳуқуқи ва эркинлигини ҳимоя қилувчи халқаро органга мурожаат қилиши мумкин.
Конституциянинг янги нормаларидан бири – 57-моддада меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифалари ҳуқуқи давлат ҳимоясида экани, давлат уларнинг турмуш сифатини ошириш, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун шарт-шароит яратишга қаратилган чоралар кўриши қайд этилган.
Хулоса шуки, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқимизнинг фаровон турмуши, юртимиз тинчлиги ва ободлиги, давлатимизнинг инсонпарвар ва халқчил сиёсати кафолатланган. Бош қомусимизда белгиланган инсон ҳуқуқларига оид нормалар Янги Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Фарҳод ҲАЙИТБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлими бошлиғи,
юридик фанлар номзоди, доцент