Инсонга эътибор аёлга, онага эътибордир
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашида Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят штаби йиғилишида ёрдамга муҳтож бўлган аёлларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама этилди.

Таҳлилий ва танқидий руҳда ўтган йиғилишда «Аёллар дафтари» тизимининг 2023 йилда амалга ошириладиган тўртинчи босқичида рўйхатга киритилган ҳар бир хотин-қизга комплекс ёрдам бериш зарурлиги таъкидланди. Олдинги босқичларда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Бугунги кунда вилоятдаги барча маҳаллаларда ишчи гуруҳлар тузилган бўлиб, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан аёлларнинг оилавий шароитини хонадонма-хонадон ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

– Инсонга эътибор бу аёлга, онага эътибордир, – деди штаб раҳбари А.Салихов. – “Аёллар дафтари”нинг ушбу босқичини ҳам юқори уюшқоқликда ташкил этиш барчамиздан масъулият ва жонкуярликни талаб этади.
Йиғилишда амалга оширилиши зарур бўлган масалалар кенг муҳокама этилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шоҳсултон Тўхтаматов, ЎзА